Афшан Сиддиқ Малик: Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли Марказий Осиё учун муҳим тажриба мактабидир
Август 21, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 31
ИСЛОМОБОД, 21 август. /“Дунё” АА/. Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти маслаҳатчиси, таниқли ёзувчи Афшан Сиддиқ Малик мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақиллик – ҳар бир халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, тарихи, тили, маданияти ва келажагига эгалик қилиш ҳуқуқидир. Шу маънода, Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўли нафақат ўзбек халқи, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим тарихий тажриба мактабидир.
Бугун Ўзбекистонда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги 10 йилда мамлакат ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодий тараққиёт, таълим ва илм-фанга эътибор, маданий меросни асраб-авайлаш, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт фалсафасида инсон қадри, жамият фаровонлиги, тинчлик ва яхши қўшничилик тамойиллари устувор ўрин эгаллайди. Мамлакатнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида янги тараққиёт босқичига интилаётгани ҳам ана шу мақсадларнинг изчил давоми сифатида намоён бўлмоқда.
2026 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида нишонланаётгани ҳам мамлакатда бирдамлик ва умуммиллий мақсадларга катта аҳамият берилаётганини кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббуслари ҳам Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Унинг Марказий Осиёда тинчлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва иқтисодий интеграцияни кучайтиришга қаратилган сиёсатини алоҳида таъкидлашни истардим.
Марказий ва Жанубий Осиё бўйича тинчлик ва барқарорликка қаратилган ташаббуслар, транспорт-коммуникация йўлакларини ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни кенгайтириш ғоялари ҳар икки минтақа учун стратегик аҳамиятга эга.
Мен яқинда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом форумида иштирок этдим. Ушбу ташриф менга Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларни ўз кўзим билан кўриш имконини берди. Тошкентдаги замонавий шаҳар муҳити билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг тарихий хотираси ва миллий руҳини ҳис этиш менда катта таассурот қолдирди. Самарқандда буюк цивилизацияларнинг излари, илм-фан ва маданият анъаналари бугунги Ўзбекистон ҳаёти билан уйғунлашиб бораётганига гувоҳ бўлдим.
Мен учун Ўзбекистон сафари оддий бир саёҳат эмас, балки икки буюк халқ – ўзбек ва покистон халқларини боғлаб турган муштарак тарих, маданият ва маънавий қадриятларни яна бир бор ҳис этишга ёрдам берди. Бу юртда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи ва меросига бўлган ҳурматни кўриш Покистон фуқароси сифатида мени чуқур таъсирлантирди. Бобурийлар мероси Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тарихий кўприкнинг энг ёрқин рамзларидан биридир.
Бугун Ўзбекистон–Покистон муносабатлари ҳам янги, мазмунан бой босқичга кўтарилаётганини кўриш қувонарли. Айниқса, 2026 йил 5–6 февраль кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим воқеа бўлди.
Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, катталарга ҳурмати, илм ва маърифатга интилиши, тарих ва миллий қадриятларга садоқати менда катта таассурот қолдирди. Покистон халқи бу фазилатларни юксак қадрлайди. Чунки халқларимизни географик масофадан кўра тарих, маънавият ва қалб яқинлиги кўпроқ бирлаштиради.
Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги абадий дўстлик, стратегик шериклик ва биродарлик ришталари янада мустаҳкамланишига ишонаман.
Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига Покистондан энг самимий табрикларимни йўллайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси