Россия компанияси Ўзбекистонга замонавий спорт ва соғломлаштириш жиҳозларини тақдим этди
Август 20, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 96
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 20 август. /“Дунё” АА/. Россиянинг “MB Barbell” компанияси Ўзбекистонга умумий қиймати умумий қиймати 1 миллион 302 минг 515 рубль бўлган замонавий спорт ва соғломлаштириш жиҳозларини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беғараз тарзда тақдим этилган ушбу анжомлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни спортга жалб этиш ҳамда фитнесни ривожлантиришга хизмат қилади.
Петрозаводск шаҳрида жойлашган “MB Barbell” Россиянинг спорт жиҳозлари ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларидан ҳисобланади. Компанияда мамлакатдаги соғломлаштириш инвентарларининг катта қисми ишлаб чиқарилади.
Компания кўп йиллардан буён Германияда ўтказиладиган халқаро FIBO фитнес кўргазмасида ўз маҳсулотларини намойиш этиб келмоқда. “MB Barbell” маҳсулотлари халқаро патентлар билан ҳимояланган бўлиб, МДҲ, Яқин Шарқ, Осиё ва Европанинг ўнлаб мамлакатига экспорт қилинади.
Ўзбекистонга олиб келинган тренажёр анжомлари очиқ ҳавода фойдаланиш учун мўлжалланган. Жиҳозларни пайвандлаш ишлари белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилди.
Ҳар бир тренажёр жиҳозининг вазифаси ва хавфсизлик талаби кўрсатилган. Жиҳозларга икки йиллик кафолат берилган ва улардан фойдаланиш муддати етти йилни ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси