Сербияда Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбирлар ўтказилади

Август 20, 2026. 14:30 • 2 дақ

131
Сербияда Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маданий тадбирлар ўтказилади

БЕЛГРАД, 20 август. / “Дунё” АА/. Сербияда Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, миллий санъати ва замонавий ютуқларини кенг тарғиб қилишга қаратилган туркум маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё”  АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Сербиядаги элчихонаси (қароргоҳи Будапешт шаҳрида) кўмагида Ўзбекистон ва Сербия маданият вазирликлари вакиллари ўртасида онлайн-музокаралар бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ўзбекистон маданият вазирлиги вакиллари, Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театри директори Алибек Кабдураҳмонов, Сербия маданият вазири ўринбосари Станко Благоевич ҳамда Сербия Миллий театри директори Драголюб Баич иштирок этдилар.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакатнинг етакчи маданият муассасалари ўртасида касбий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма ижодий лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий масалаларини муҳокама қилдилар.

Келгусида томонлар ижодий жамоалар алмашинуви, Маданият кунларини ўтказиш, театр ва мусиқа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма кинематографик ва ҳужжатли лойиҳаларни амалга ошириш каби ташаббусларни изчил давом эттириш истагини билдирдилар.

Маданий мулоқот Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, бўлажак тадбирлар икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув, дўстлик ва яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш