“Artmagazin”: Чорвоқ дам олиш зонаси – Бўстонлиқ дурдонаси
Январ 25, 2026. 14:20 • 2 дақ
• 209
БУДАПEШТ, 28 январь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг оммабоп “Artmagazin” нашрида “Чорвоқ дам олиш маскани – Бўстонлиқ туманининг дурдонаси” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ғарбий Тянь-Шань тоғлари бағридаги ушбу ҳудуд йилнинг исталган фаслида фаол дам олиш ишқибозлари учун кўплаб имкониятларни тақдим этади. Ёз ойларида сайёҳлар “Пирамида”, “Лайнер” каби замонавий пляжларда чўмилиш, катамаран ва гидроциклларда сайр қилиш ҳамда парапланда парвоз қилишдан завқланиши мумкин. Қишда эса Чорвоқдан бир неча дақиқалик масофада жойлашган Чимён ва Билдирсой курортлари чанғи ҳамда сноуборд ишқибозларини ўзига чорлайди.
“Чорвоқ ҳудудида сайёҳлар учун барча шароитлар мавжуд. Маҳаллий ошхонанинг ўзига хос таъмлари – тоғ тандир кабоблари, шашлик ва хушбўй кўкатли сомсалар ҳудуддаги кўплаб чойхона ва ресторанларнинг ташриф қоғозига айланган. Йўл бўйидаги бозорларда маҳаллий аҳоли томонидан тайёрланган тоғ асали, шифобахш гиёҳлар ва ҳунармандчилик буюмларини харид қилиш мумкин”, деб ёзган муаллиф.
Нашрда таъкидланишича, Пойтахт Тошкентдан атиги 80 километр узоқликда жойлашган Чорвоқнинг транспорт инфратузилмаси изчил ривожланиб бормоқда. Бу унга 1,5–2 соат ичида етиб бориш имконини беради.
Ўзбекистоннинг миллий туризмни ривожлантириш стратегияси доирасида минтақада ҳар йили янги меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканлар барпо этилмоқда. Табиат гўзаллиги, фаол ҳордиқ ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган Бўстонлиқ тумани ҳақли равишда Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги етакчи масканларидан бири ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
