Беларусь Президенти ва Андижон вилояти ҳокими Витебск вилоятига ташриф буюрди
Июль 15, 2026. 19:00 • 3 дақ
• 149ВИТЕБСК, 15 июль. /“Дунё” АА/. Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Витебск вилоятига ташриф буюриб, у ерда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Беларуснинг “БелТА” ахборот агентлиги маълумотига таяниб.
Ҳамкорлик режалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8–9 июль кунлари Беларусга қилган расмий ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида эришилган келишувлар доирасида ривожлантирилмоқда. Улар турли соҳаларга сармоя киритиш ва Ўзбекистон фуқароларини Беларусга ишлашга жалб қилишни назарда тутади.
“Мен Ўзбекистон Президентига буни амалга оширишга ваъда бердим. Бу биз учун манфаатли. Шу тариқа Витебск вилояти ривожланади”, – деди Президент Александр Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантиришга ва зарурат туғилса, қайта ишлаш корхонасини биргаликда қуришга тайёр. “Биз биродарларча ишлаймиз! Бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади”, – дея таъкидлади Беларусь етакчиси.
Ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов Витебск вилоятида яратилган иш шароитлари учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.
Александр Лукашенко ўзбекистонлик ишчилар уй-жой билан таъминланиши, уларнинг фарзандлари эса беларуслик болалар билан бир хил шартларда болалар боғчалари ва мактабларга бориши мумкин бўлишини қайд этди. “Бу ерга келгач, улар биз учун бегона эмаслигини билишлари керак”, – деди у.
Шунингдек, Беларусь раҳбари нафақат Витебск, балки Могилёв вилоятининг жануби-шарқий туманларида ҳам ишлаш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Ўзбекистон фуқароларини қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларига, кичик тиббиёт ходими сифатида жалб этиш режалаштирилмоқда.
Бир кун аввал Андижон вилоятининг дастлабки 255 нафар фуқароси Витебск вилоятига етиб келган эди. Умуман, эришилган келишувлар доирасида мамлакатга жами 5 минг нафар ишчи юбориш режалаштирилган бўлиб, улар сентябрь ойидан бошлаб 500 кишилик гуруҳларда кела бошлайди.
Келишувларда Ўзбекистон томонига еттита туманда буқаларни бўрдоқига боқиш учун 10 та бино ва 8 минг гектар қишлоқ хўжалиги ери ажратиш назарда тутилган. Вилоятнинг Бешенковичи туманида картошка етиштириш учун 2 минг гектар ер ажратилади. Беларусь ҳамкорларни уруғлик, технологиялар ва мутахассислар ёрдами билан таъминлаши таъкидланди.
Бундан ташқари, томонлар ёғочга ишлов бериш, ёғоч ёқилғи пеллетларини ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш ниятида. Витебскда Ўзбекистон маҳсулотлари савдо уйи очилди ва ўзбек таомлари ресторани учун бино танланди. Богушевск шаҳарчасидаги собиқ санаторий-мактабни Ўзбекистон фуқаролари дам олиши учун туристик базага айлантириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳрида Беларусь билан келишувларни амалга ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш юзасидан топшириқ берди.
Биринчи босқичда танлов асосида 1,1 минг кишини Витебск ва Беларуснинг бошқа вилоятларидаги 13 та корхонага ишга юбориш режалаштирилган. Ушбу жараённи қўллаб-қувватлаш мақсадида Витебск шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлигининг ваколатхонаси очилади.
Йиғилишда Беларуснинг Витебск ва бошқа вилоятларида умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган 30 та янги қўшма лойиҳа тўплами шакллантирилгани қайд этилди. Улар чорвачилик, ёғочга ишлов бериш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади.
Йил охиригача Орша станциясида имтиёзли тариф шартларида экспорт-импорт юкларига хизмат кўрсатадиган интермодал логистика марказини очиш ҳам режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг Беларусга ташрифи доирасида томонлар икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларгача оширишни ҳамда турли тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



