Ўзбекистон Покистон билан стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда
Февраль 06, 2026. 08:10 • 10 дақ
• 80
ИСЛОМОБОД, 6 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи арафасида арафасида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Алишер Тўхтаев “Дунё” АА учун интервью берди.
Суҳбат давомида Покистон билан икки ва кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
– Ҳурматли Алишер Ҳакимович, суҳбатимизни Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг тарихи ва ривожланиш босқичлари ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.
– Ўзбекистон ва Покистонни азалдан тарихий, анъанавий дўстлик ришталари, дин муштараклиги, урф-одатлар ва маданий қадриятларнинг ўхшашлиги каби умумий жиҳатлар боғлаб туради. Бу умумийлик сўнгги йилларда, айниқса, яққол намоён бўлди ва икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг “драйвери”га айланди.
Покистонда ўзбек маданияти ва турмуш тарзининг қатор элементларини учратиш мумкин. Маълумки, Покистон ҳудуди буюк аждодимиз, саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан асос солинган Бобурийлар давлати таркибида бўлган. Бобурийлар меросини Покистоннинг кўплаб ҳудудларида, хусусан, Лаҳор шаҳрида кўриш мумкин. Улар томонидан бунёд этилган боғлар, қалъалар, масжид ва мадрасалар, сув иншоотлари Покистон маданиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган. Покистон халқи ушбу мерос билан фахрланади ва Бобурийларни юксак қадрлайди. Шу маънода, тарихий боғлиқлик ва муштараклик замонавий Ўзбекистон ва Покистон муносабатларини ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон географик жиҳатдан Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, минтақадаги барча давлатлар билан умумий чегараларга эга.
Покистон эса географик жиҳатдан муҳим логистика нуқтасида жойлашган. Бу мамлакат орқали Ҳинд океанига чиқиш имконини берувчи стратегик аҳамиятга эга транспорт йўлаклари ўтади. Ушбу коридорлар дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқалари учун муҳим артерия ҳисобланади.
Бундан ташқари, Покистон Жанубий Осиёда марказий географик ўринни эгаллайди. Бу борада Ўзбекистон ва Покистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтай олади.
Яна бир жиҳатни таъкидламоқчиман: Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам буюк цивилизациялар заминидир. Бизни ўзаро боғлаб турувчи тарихий илдизлар, ўхшашликлар кўп. Энг муҳими, биз бугун яхши дўст ва ҳамкор мамлакатлармиз.
– Покистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган бўлса-да, икки томонлама муносабатларда 2017 йилдан кейин сезиларли фаоллашув кузатилди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
– Ҳақиқатан, Покистон 1992 йил 10 май куни Ўзбекистон мустақиллигини Жанубий Осиёда биринчи бўлиб тан олган давлатлардан бири бўлган. Жорий йил Ўзбекистон ва Покистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 34 йил тўлади.
Тўғри, 2017 йилгача бўлган даврда муносабатлар анча камтарона ривожланган, икки мамлакат мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланмаган. Бироқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг Покистон билан муносабатлар ҳам қайта кўриб чиқилди ва барча соҳаларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Қатор ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланди. Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот фаоллашди, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгайди.
Шу ўринда 2022 йил 15–16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонга ташриф буюрганини таъкидлаш жоиз. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказилди.
2025 йил Ўзбекистон–Покистон муносабатлари учун алоҳида аҳамиятли бўлди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 25–26 февраль кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги шерикликни янги босқичга кўтарди. Томонлар имзолаган Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнот яқин истиқболдаги устувор йўналишларни белгилаб берди.
– Ўзбекистон–Покистон муносабатларида парламентлараро мулоқот ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон ва Покистон ўртасида парламентлараро, вазирликлар, идоралар ва тармоқлар даражасидаги мулоқотлар фаоллашгани ва алмашинувлар самарали тус олганини алоҳида мамнуният билан қайд этиш керак.
Хусусан, Покистон парламенти Қуйи палатаси ва Сенати раҳбарларининг бир неча бор Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.
2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, декабрь ойида эса Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Покистонга ташриф буюрди. Икки давлат парламентлари ўртасида тузилган дўстлик гуруҳлари фаолияти ҳам жадаллашмоқда.
Ўзбекистон ва Покистон ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамкорликнинг муҳим механизми ҳисобланади. Хусусан, сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш мақсадида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари 2025 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раунди, шунингдек, йирик халқаро тадбирлар доирасидаги мулоқот механизмларидан самарали фойдаланмоқда.
– Ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликдир. Ўзбекистон ва Покистон ушбу жабҳада ўз салоҳиятидан тўлиқ фойдаланаяптими?
– Покистон Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё давлатлари орасидаги муҳим савдо шерикларидан бирига айланиб бормоқда. Икки томонлама товар айирбошлаш кўрсаткичлари 2017 йилдан буён барқарор ўсишни намоён этмоқда.
Покистон Ўзбекистондан асосан дуккаклилар, ип-калава, бошоқлилар, пиёз, ер ёнғоқ ва транспорт хизматларини импорт қилади. Ўзбекистон эса дори воситалари, цитрус мевалар, картошка, тўқимачилик саноати маҳсулотлари, совун ва бошқа маҳсулотларни сотиб олади.
Кейинги пайтларда покистонлик инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи ҳам тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 176 та қўшма корхона фаолият юритяпти. Покистоннинг “Novugen Pharma”, “Nurin Pharma”, “Hero Brands”, “Diamond Group” каби йирик компаниялари билан ҳамкорликда республикамиз ҳудудларида, хусусан, Сирдарё, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.
Тармоқлар кесимида корхоналарнинг асосий қисми саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш қувватлари тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, чарм саноати ва бошқалардан иборат.
Бундан ташқари, 2024 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Покистон ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Исломобод шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
Тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги саккиз йилда икки томонлама савдо ҳажмлари динамик ўсиш суръатларини кўрсатмоқда, унинг умумий ҳажми деярли 12 бараварга ошди. 2025 йил 1 декабрь ҳолатида ушбу кўрсаткич 434,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Олий даражадаги келишувларга мувофиқ, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини энг яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш бўйича қатъий чоралар белгилаб олинган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро савдода энг қулай режим ўрнатилган ҳамда “Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим” имзоланган. Битим билан қатор товар позициялари учун тариф имтиёзлари жорий этилди. Томонлар ушбу битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш бўйича доимий мулоқот олиб бормоқда.
Саноат кооперацияси йўналишидаги алоқалар ҳам жадал суръатларда ривожланмоқда. Мунтазам равишда “Made in Uzbekistan” ва “Made in Pakistan” саноат маҳсулотлари, “National Food Fest” озиқ-овқат кўргазмалари ўтказиб келинмоқда, бизнес-делегацияларнинг ўзаро ташрифлари ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик мутахассислар покистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Марказий Осиё ва Покистон ўртасида муқобил логистика йўналишларини ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон ўртасида “Трансафғон” темир йўлини қуриш ҳамда икки давлат ҳудудида логистика марказларини яратиш бўйича ишларни давом эттиряпти.
Ўзбекистон ўзининг стратегик жойлашуви, ривожланган транспорт инфратузилмаси ва қўшни давлатлар билан мавжуд эркин савдо шартномалари туфайли Покистон бизнеси учун 80 миллион аҳолига эга Марказий Осиё бозорига киришда муҳим дарвоза вазифасини ўташи мумкин. Ўз навбатида, Покистон ўзбек бизнесининг Жанубий Осиё мамлакатлари бозорларида иштирокини кенгайтиришда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилади.
– Жаноб элчи, Ўзбекистоннинг Покистон билан сайёҳлик йўналишидаги ҳамкорлик ҳолатига қандай баҳо берасиз, умуман олганда, покистонликларнинг Ўзбекистоннинг бой меросига ёндашуви қандай?
– Покистон билан ҳамкорликда турли соҳалар қатори туризмга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки, Ўзбекистон ва Покистоннинг туризм соҳасидаги тажрибаси жуда жозибали ва фойдали эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон покистонликлар учун жозибали сайёҳлик йўналишига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Покистон сайёҳлар учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этганини қайд этиш муҳим. Биз икки мамлакат ўртасида сайёҳлар алмашинувининг ошиши, туроператорлар, меҳмонхона эгалари, умуман, мазкур соҳада ишлайдиган ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам туризмни ривожлантириш, туристларни жалб этишда юқори салоҳият ва имкониятга эга. Ўз даврида Ислом дини бешикларидан бўлган Ўзбекистон замини қадимий тарихий обидалари ва бой мероси билан покистонликлар учун муҳим зиёрат туризми йўналишига айланган. Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам жозибадор ҳисобланади. Покистонликлар Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа буюк мутафаккирларимиз меросига ҳурмат билан ёндашади.
Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент каби қадимий шаҳарларининг ноёб тарихий ёдгорликлари билан бир қаторда, юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўплаб зиёратгоҳлар мавжуд бўлиб, улар ҳам покистонлик сайёҳлар учун қизиқарли бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, икки давлат ўртасидаги транспорт алоқаси масалалари алоҳида эътиборга лойиқдир.
Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларга мувофиқ, Тошкент ва Исломободни боғловчи тўғридан-тўғри авиақатновлар очилди. Бугунги кунда “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси томонидан Тошкент–Исломобод ва Тошкент–Лаҳор ўртасида ҳафтасига тўртта авиақатнов амалга ошириляпти. Бугунги кунга қадар ушбу авиақатновлар хизматидан 30 мингдан ортиқ йўловчилар фойдаланди. Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2025 йилда салкам 17 минг Покистон фуқаролари Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида борди.
Соҳа масъуллари сайёҳлик маҳсулотлари ва хизматларини ўзаро оммалаштириш, бу борада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларимиз жуда катта эканини таъкидламоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатларимиз ўртасида туризм алоқаларини ривожлантириш кун тартибимиздаги муҳим масалалардан бирига айланган.
– Таълим, маданий-маърифий жабҳалардаги Ўзбекистон –Покистон муносабатлари ҳақидаги фикрларингиз ҳам биз учун муҳим...
– Таълим икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир муҳим соҳаси бўлиб қолмоқда. Икки мамлакат таълим ва илмий муассасалари ўртасида самарали шериклик муносабатлари ўрнатилган. Бугунги кунда икки мингдан ортиқ Покистон фуқаролари Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт, фармацевтика, туризм, АКТ ва бошқа йўналишларда таълим олмоқда.
Икки мамлакат университетлари ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, грантлар ажратиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича турли семинар ва тренинглар ташкил этиш ишлари давом этмоқда.
Покистонда чарм саноати анча ривожланган. Ушбу жабҳада малакали мутахассислар тайёрлайдиган Гужранвала чарм технологиялари институти Ўзбекистон фуқаролари учун грант ажратишини маълум қилган. Гужранваладаги “GIFT University”да “Ўзбекистон–Покистон ўсиш дарчаси” очилди.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида қарийб 75 йилдан буён урду тили, адабиёти ва Покистон тарихи бўйича курслар ўқитилиб келинаётгани икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этяпти.
Покистонда ҳам ўзбек тили ва тарихини ўрганишга бўлган талаб кескин ошди, ушбу жабҳада лойиҳалар жадал амалга ошириляпти. Қўшма маданий тадбирлар, фестиваллар, кўргазма ва форумлар ўтказиш мунтазамлик касб этганини таъкидлаш керак.
2021 йил февраль ойида Панжоб университетида ўзбек халқининг буюк аждоди ҳаёти ва меросини ўрганиш мақсадида Бобур мероси маркази очилди. Пешовар университетида эса Алишер Навоий номидаги марказ ташкил этилган. Марказ Покистонда ўзбек маданиятини янада оммалаштиришга яқиндан кўмаклашяпти. Ўзбекистон ва Покистон олимлари Бобурийлар меросини биргаликда ўрганишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бу борада биз Покистон Муслим институти билан биргаликда маданий марказ ташкил этиш ишлари устида ишлаяпмиз. Яна бир янгилик – яқин кунларда икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида тайёрланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган фильм жамоатчилик эътиборига тақдим этилади.
2025 йилда Исломободда Ўзбекистон Президенти фаолиятига бағишланган учта муҳим китоб – Муҳаммад Аббос Хоннинг “Uzbekistan: The Third Renaissance – The Concept of the Future”, Меҳмуд ул-Ҳасан Хоннинг “Shavkat Mirziyoyev: Great Leader of Reforms and Regional Integration” ва Кудратилла Рафиқов муаллифлигидаги “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли асарлари кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Бу Покистон илмий-академик доира вакиллари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг ортаётганидан далолат беради. Ўтган йили декабрь ойида эса “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси ташкил этилди, миллий таомлар фестиваллари уюштириляпти.
– Сўнгги савол, бўлажак олий даражадаги Ўзбекистон –Покистон саммити ва унинг доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар якунларидан нималарни кутаяпсиз?
– Ишончим комилки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи ва олий даражадаги мулоқот мамлакатларимиз ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ҳамда фойдаланилмаган юқори салоҳиятга эга икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида қатор ҳукуматлараро ҳужжатлар, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги битимлар имзоланиши кутилмоқда. Исломобод икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ўтказилиши учун муҳим майдонга айланади. Унда биргаликда амалга ошириш учун бир қатор истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва келишувларга эришиш режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг Покистонга бўлажак ташрифи сиёсат, хавфсизлик, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт алоқалари, туризм, таълим, инновация, маданият ва халқ дипломатияси соҳаларида кўп асрлик дўстлик, ўзаро ишонч ва англашув пойдеворига асосланган икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
