“DKNews”: Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 14 фоизга ўсди

Октябрь 15, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 101
“DKNews”: Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 14 фоизга ўсди

ОСТОНА, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “DKNews” ахборот нашрида Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан савдо, транспорт-логистика ва экспорт-импорт алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Европа ва Осиёни боғловчи стратегик ҳудудда жойлашган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.

2025 йилда ТДТга аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди, иқтисодий ўсиш суръати эса 6,8 фоизни ташкил этди. Шу даврда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 14 фоизга ўсиб, 11 миллиард долларга етди.

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 8,5 миллион тоннани ташкил этиб, халқаро ташувларнинг қарийб 29 фоизига тенг бўлди.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда 2025 йил 7 октябрда Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтказилган ТДТнинг XII саммити муҳим аҳамият касб этди. Саммитда қабул қилинган Габала декларациясида Ўрта коридорни ривожлантириш стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Шунингдек ўқинг

Нашрда қайд этилишича, 2026 йилда ўтказилган қатор учрашувлар транспорт соҳасидаги интеграцияни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Боку шаҳридаги ҳукумат раҳбарлари учрашуви ва Бишкекдаги транспорт вазирлари йиғилишида Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ҳамда “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Электрон рухсатнома – “e-Permit” тизимини такомиллаштириш, халқаро электрон юк хати – “e-CMR” тизимини жорий этиш ва чегаралардаги расмийлаштириш жараёнларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган норасмий саммитда транспорт йўлакларини рақамлаштириш, миллий “ягона дарча” тизимларини интеграция қилиш ва “eTIR” механизмларини жорий этиш бўйича амалий вазифалар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта коридорни “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, минтақавий маълумотлар марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари орқали бирлаштирувчи “Рақамли туркий коридор”ни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш