ТХИФ-2026 доирасида халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади
Июнь 16, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 57
ТОШКЕНТ, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун бошланган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида CAEx кўргазма мажмуасида Ўзбекистоннинг сармоявий, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини намойиш этишга қаратилган йирик халқаро саноат кўргазмаси ишга тушди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Экспозиция форумнинг марказий майдонларидан бирига айланиб, мамлакатимизнинг етакчи компаниялари, тармоқ бирлашмалари, давлат идоралари ва хорижий ҳамкорларни жамлади. Қарийб 6 минг квадрат метр майдонда миллий иқтисодиётнинг асосий тармоқларининг жадал ривожланишини акс эттирувчи ўнлаб инвестиция лойиҳалари ва истиқболли ишлаб чиқариш ташаббуслари тақдим этилмоқда.
Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистоннинг нефть-газ-кимё саноати, машинасозлик, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, металлургия, фармацевтика, озиқ-овқат, чакана савдо ва бошқа стратегик муҳим соҳалардаги ютуқлари билан танишиш имконига эга бўлмоқда. Замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Кўргазма бизнес вакиллари, халқаро молия институтлари, инвестиция фондлари ва давлат органлари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Тадбир давомида иштирокчилар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, сармояларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиши мумкин.
Форумнинг ишбилармонлик дастуридан панель муҳокамалари, тармоқ ва ҳудудий форумлар, инвестиция лойиҳалари тақдимотлари, тадбиркорлар учун питч-сессиялар, шунингдек, B2B ва G2B форматидаги учрашувлар ўрин олган. Ушбу тадбирлар давомида ҳамкорлик бўйича янги келишувларга эришилиши ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, V Тошкент халқаро инвестиция форумида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 9 мингдан зиёд делегат, жумладан, халқаро ташкилотлар, йирик инвестиция фондлари, молия институтлари ва дунёнинг етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси