Жан Пьеро Чинья: Ўзбекистон бугун сармоялар учун очиқлигини намоён этмоқда

Июнь 18, 2026. 12:00 • 3 дақ

64
Жан Пьеро Чинья: Ўзбекистон бугун сармоялар учун очиқлигини намоён этмоқда

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EТТБ) молиявий ҳуқуқ бўлинмаси раҳбари Жан Пьеро Чинья “Дунё” АА мухбирига интервью берди.

– Бугун Ўзбекистон сармоялар учун очиқ эканини намоён қилмоқда. Биз бизнес ва иқтисодий ўсиш учун қулай шароитлар яратаётган муҳим таркибий ислоҳотларни кузатмоқдамиз. Бунга мисол қилиб, бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилган энергетика соҳасини келтириш мумкин. Ушбу ўзгаришлар халқаро ташкилотлар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) томонидан ижобий баҳоланди. Сармоядорлар учун имкониятлар кенгаймоқда ва мамлакатга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

Тошкент халқаро инвестиция форуми айни шу жараёнларнинг ёрқин ифодаси бўлди. У Марказий Осиёга сармоядорлар нигоҳи билан қараш имконини бериб, минтақанинг жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Узоқ вақт давомида Марказий Осиё халқаро бизнес учун етарлича очиқ бўлмаган, бироқ бугунги кунда вазият ўзгармоқда. Форум ҳар йили Ўзбекистонни сармоя киритиш учун истиқболли йўналиш деб биладиган иштирокчилар ва сармоядорларни тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Мамлакатнинг Марказий Осиёнинг қоқ марказида стратегик жойлашуви ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Одамлар муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда улкан мақсадлар, ғайрат ва ривожланишга интилиш сезилиб турибди. Сармоядорлар, биринчи навбатда, айнан шу жиҳатларга эътибор қаратади ва уларни юқори баҳолайди.

Шунингдек ўқинг

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда доимий фаолият юритиб келган. Бироқ ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантириш учун давлатнинг очиқлиги, сармояларни жалб этишга, ислоҳотларни муҳокама қилишга ва ўзгаришларни амалга оширишга тайёрлиги зарур. Ўтмишда бу осон кечмаган, аммо бугунги кунда вазият тубдан ўзгарди.

Биз кўплаб соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта, ўзгаришлар жараёни ҳали якунига етгани йўқ ва олдинда ҳали катта йўл турибди. Бироқ ҳозирги ривожланиш йўналиши юксак эътирофга лойиқ.

Форум доирасида корпоратив бошқарувнинг келажагига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳали янги кун тартибини шакллантираётган ва дарсликларда акс этмаган масалалар муҳокама қилинмоқда. Хусусан, иқтисодиётнинг тизимни ташкил этувчи тармоқлари ва энергетика соҳасининг ортиб бораётган роли ҳақида сўз бормоқда. Бугунги кунда энергетика соҳаси иқтисодий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда ва унинг аҳамияти, жумладан, сунъий интеллектни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам ортиб бормоқда.

Шунингдек, янги глобал воқеликлар ҳам муҳокама қилинди. Дунё геосиёсий ларзалар ва компаниялар фаолиятига таъсир кўрсатадиган доимий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бундай шароитда нафақат ўзгаришларга муносиб жавоб қайтариш, балки юзага келаётган қийинчиликларни ривожланиш учун янги имкониятларга айлантириш ҳам муҳимдир.

Муҳокаманинг алоҳида бир қисми сунъий интеллектга бағишланди. Умумий хулоса шуки, сунъий интеллект муҳим ва фойдали восита бўлса-да, у инсонларга хизмат қилиши керак. Технологиялар ривожланаверади, лекин асосий ўрин барибир инсонга тегишли бўлиб қолади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш