“Ammon News”: Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентларига Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилди
Январ 08, 2026. 12:22 • 2 дақ
• 107
АММОН, 8 январь. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг нуфузли “Ammon News” электрон нашрида “Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентларига Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида Н.А.Римский-Корсаков номидаги Санкт-Петербург давлат консерваториясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилган.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳузурида халқаро мукофотни унинг ҳайъати раиси, Мариинский театри бадиий раҳбари ва бош директори, Россия Катта театри бош директори, дирижёр Валерий Гергиев топширди.
Уч мамлакат етакчилари ушбу нуфузли мукофотга Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун сазовор бўлди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорида таъкидланганидек, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида учта давлат раҳбарлари Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ва Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларациясини имзолади. Шу билан халқаро ҳуқуқ устуворлигига асосланган умумий хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Ушбу мукофот инсонпарварлик ғояларига садоқатни ифодалаши ва Марказий Осиёни тинчлик, фаровонлик ҳамда бунёдкорлик маконига айлантириш йўлидаги умумий ҳиссанинг эътирофи экани таъкидланди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилиши уч мамлакат халқларининг сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка интилиши туфайли бўлгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси