Берлиндан муносабат: Тошкент халқаро инвестиция форумининг энг муҳим жиҳати унинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлигидир

Июнь 21, 2026. 11:00 • 4 дақ

99
Берлиндан муносабат: Тошкент халқаро инвестиция форумининг энг муҳим жиҳати унинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлигидир

БЕРЛИН, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэль Хармс учун берган интервьюсида Германия Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи ва пойтахтда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

- Немис компанияларининг Ўзбекистонда катта муваффақият билан фаолият олиб бораётганлиги негизида биринчи навбатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ва муваффақият билан давом эттирилаётган йирик ислоҳотлар ётади. Мамлакат нафақат иқтисодиёт, молия ёки қонунчиликда амалга оширилаётган тизимли ўзгаришларда улкан ютуқларга эришмоқда, балки жамиятни ислоҳ қилиш, ижтимоий сиёсат ва сиёсий соҳалардаги юксалишлар ҳам эътирофга лойиқдир. Ва айнан шу кенг қамровли ва мукаммал ислоҳотлар Ўзбекистон ва Германия муносабатларининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Германия Федерал президенти Ўзбекистонга ўз ваколат муддати давомида иқтисодий делегация ҳамроҳлигида иккинчи марта ташриф буюрди. Биринчи ташриф 2018 йилда бўлиб ўтган эди. Жорий йилдаги навбатдаги ташрифда ҳам юқори даражадаги иқтисодий делегация ҳамроҳлик қилмоқда. Ташриф доирасида автомобиль саноати, энергетика, тиббиёт технологиялари ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Бу эса иқтисодий ҳамкорлик тобора амалий мазмун касб этаётгани, лойиҳалар эса янада аниқ ва натижадор тус олаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат иқтисодиёти учун муҳим саналган бу жараёнларни сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Ташриф давомида ҳар икки давлат Президентлари иқтисодий делегация вакиллари билан учрашади, бу эса иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қўшимча туртки беради, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Юқорида таъкидлаганим каби иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда сиёсий мулоқотнинг ўрни алоҳида. Албатта, компаниялар ўз бизнес фаолиятини мустақил равишда йўлга қўяди ва амалга оширади. Бироқ, инвестициялар ва лойиҳалар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ёки мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масаласида сиёсат ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Шу сабабли, фаол сиёсий мулоқот иқтисодий ҳамкорлик учун зарур шарт-шароитларни янада яхшилаш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга муҳим туртки беришига ишонамиз.

Бундан ташқари, айни пайтда икки томонлама муносабатларда таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин эгалламоқда. Ўзбекистон малакали мутахассисларни тайёрлаш ва жалб этиш борасида Германиянинг муҳим ҳамкорига айланиб бормоқда. Бу жараёнда сиёсий мулоқотнинг роли долзарб аҳамиятга эга.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги пайтларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бизни ҳайратга солмоқда. Улардан бири янги барпо этилган Ислом цивилизацияси Марказидир. Сўнгги марта сафарим доирасида ушбу Марказни бориб кўриш бахтига муяссар бўлдим. Бу каби лойиҳалар Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари орасида мустақил ва суверен давлат сифатида муваффақиятли шаклланиб бораётганини яққол намоён этмоқда. Бундай ташаббуслар мамлакатнинг бой тарихи ва маданий меросини дунёга янада танитишга хизмат қилади.

Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни узоқ йиллардан буён кузатиб келаман ва ўтган давр ичида мамлакатда рўй берган тараққиёт мени жуда ҳайратга солади. Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳати шундаки, одамлари ниҳоятда меҳмондўст ва самимий, мамлакат эса жуда гўзал, бой ва хилма-хил маданияти ниҳоятда мафтункор, гастрономия имкониятлари эса тенги йўқ. Шу сабабли, ҳар сафар Ўзбекистонга катта мамнуният билан бораман.

Ўзбекистон Германия иқтисодиёти учун жуда муҳим роль ўйнайди ва йил сайин бу ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Фикримча, айни пайтда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жуда ижобий суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Германия компаниялари Ўзбекистон реал сектор ва саноат тармоқларидаги лойиҳаларга тобора кўпроқ ва истиқболли сармоя киритмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон муҳим хомашё ресурслари етказиб берувчи, энергетика соҳасида ишончли ҳамкор саналади ва, логистика маркази сифатида немис иқтисодиёти учун муҳим ўрин эгалламоқда. 

Тошкент халқаро инвестиция форуми тарихан қисқа муддат ичида Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли иқтисодий форумга айланди. Унда Европа, Осиё минтақалари мамлакатлари қаторида Германиядан ҳам кўплаб компаниялар ва иқтисодиёт вакиллари фаол иштирок этиб келмоқда. Форумнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Минтақага алоҳида давлатлар йиғиндиси эмас, балки яхлит ва ўзаро боғлиқ иқтисодий макон сифатида қараш лозим.

Айнан шундай ёндашув минтақанинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициялар учун жозибадорлигини тўлиқ намоён этади. Шу маънода, ушбу форум жуда муҳим вазифани бажариб келмоқда. Ишончим комилки, ушбу иқтисодий тадбир ўзаро мулоқотни ривожлантиради, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлайди ва миллий сарҳадлардан ташқарида ҳам иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади.

Ўзбекистон минг йилликлар давомида шаклланган бой тарихга эга ва дунё илм-фани, маданияти ва цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Мен ушбу мамлакатга унинг улуғвор ўтмишига муносиб бўлган порлоқ ва муваффақиятли келажак тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш