Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Июль 27, 2026. 16:31 • 2 дақ

58
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

ТОШКЕНТ, 27 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги янги элчиси Рашад Мамедовни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рашад Мамедов жанобларидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Ўзбекистон ва Озарбайжонни кўп асрлик қардошлик ришталари, муштарак тарихий ва маданий илдизлар ҳамда ўзаро ҳурмат бирлаштириб туради. Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги юксак ишончга асосланган яқин муносабатлар туфайли бу мустаҳкам пойдевор бугун стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг янги мазмуни билан бойиб бормоқда.

Учрашувда сиёсий мулоқотнинг юқори суръатини юксак даражада давом эттириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт ва логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.

Элчи жанобларининг бой дипломатик тажрибаси Ўзбекистон–Озарбайжон иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни янги амалий натижалар билан бойитишга хизмат қилади”.

Эслатиб ўтамиз, 53 ёшли Рашад Мамедов 2012–2022 йилларда Тошкентдаги элчихонага раҳбарлик қилган Гусейн Гулиевнинг ўрнини эгаллади.

Рашад Мамедов 2015–2021 йилларда Озарбайжоннинг Қозоғистондаги, 2021–2022 йилларда эса Туркиядаги элчиси лавозимида ишлаган.

“Дунё” АА олган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш