Беларусь пойтахтидаги Ўзбек маданияти марказида Бобур мероси ва ижоди ёд этилди
Февраль 24, 2026. 11:50 • 1 дақ
• 38МИНСК, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Максим Танк номидаги Беларусь давлат педагогика университети (БДПУ) ҳузуридаги Ўзбек маданияти марказида буюк шоир, қомусий олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, маҳаллий жамоат ташкилотлари вакиллари, Беларусь олийгоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этдилар.
Кечада сўзга чиққанлар Бобурнинг нафақат буюк ҳукмдор, балки жаҳон адабиёти ва илм-фани хазинасига беқиёс ҳисса қўшган ижодкор сифатидаги қиёфасига тўхталдилар. Унинг инсонийлик, ватан соғинчи ва адолат акс этган ғазаллари тадбир иштирокчилари томонидан бешта тилда маҳорат билан ижро этилди. Буюк мутафаккирнинг “Бобурнома” асари ҳали-ҳануз дунё олимлари томонидан тарихий ва географик манба сифатида юқори баҳоланиши алоҳида қайд этилди.
Тадбирнинг энг қизиқарли қисми Беларусь миллий қўғирчоқ театри — “Батлейка” саҳнасида Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган театрлаштирилган лавҳа намойиш этилгани бўлди. Ўзбек ва беларусь маданиятининг бундай уйғунлиги йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, талаба ва ўқувчилар ўртасида Бобур ҳаётига доир викторина ўтказилиб, ғолибларга Ўзбекистон элчихонасининг эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва ёш авлод қалбида аждодларимиз меросига нисбатан фахр туйғусини уйғотишга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





