Ўзбекистонлик ишчи Санкт-Петербургда еттинчи қаватдан тушиб кетган болани қутқариб қолди
Февраль 24, 2026. 10:40 • 2 дақ
• 74
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти фармони билан Санкт-Петербург шаҳрида содир бўлган фавқулодда ва мураккаб вазиятда ўз жони ва саломатлигини хавф остига қўйиб, кўп қаватли уйнинг юқори қисмидан пастга қулаб тушаётган ёш болага амалий ёрдам кўрсатгани ва унинг ҳаётини сақлаб қолгани, халқимизга хос юксак жасорат, қаҳрамонлик ва фидойилик фазилатларини яққол намоён этгани учун мард ва жасур юртдошимиз Ибадуллаев Хайрулло Сайдуллаевич “Жасорат” медали билан тақдирланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Россиянинг “78.ru” ахборот интернет портали маълумотига кўра, ўзбекистонлик фаррош Хайрулло Ибодуллаев ўз тан жароҳати эвазига турар-жой биносининг еттинчи қаватидаги деразадан тушиб кетган етти ёшли болани қутқариб қолган.
Воқеа кўп қаватли уйнинг ҳовлисида содир бўлган – бола дераза токчасида ўйнаб, карнизга осилиб қолган ва пастга тушиб кетган. Ўзбекистонлик бола йиқилаётган пайтда уни ушлаб олишга улгурган ва шу билан фожианинг олдини олган.
Ҳодиса оқибатида Хайрулло Ибодуллаевнинг қўли ва қовурғалари синиб, шифохонага ётқизилган. 7 ёшли боланинг оёғи синган ва ички аъзолари шикастланган ҳолда жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Хайрулло Ибодуллаевнинг айтишича, у болага уйга киришини айтган, бироқ бола унинг гапини эшитмаган. Йиқилганидан сўнг, ҳамюртимиз болага биринчи ёрдамни кўрсатган ва жабрланувчини қоровулхонага олиб борган, у ерда тез ёрдам уни олиб кетган.
Ўзбекистон фуқароси келгусида ҳам фавқулодда вазиятларда доим ёрдамга тайёрлигини билдирган.
“78.ru” расми.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
