Қорақалпоғистоннинг инвестициявий ва туристик салоҳияти хорижий дипломатлар диққат марказида
Февраль 24, 2026. 12:12 • 47 сония
• 89НУКУС, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Савдо-саноат палатасида бугун Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 40 дан ортиқ хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун минтақанинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятига бағишланган кенг қамровли тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари алоҳида қайд этилди.
Тақдимот давомида минтақада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида дипломатлар Қорақалпоғистон билан иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар. Бу каби тадбирлар минтақанинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва хорижий капитални жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



