“BMB HOLDING” ва “Berlusconi Finanziaria” компанияси янги инвестициявий ҳамкорлик бўйича келишиб олди
Октябрь 26, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 91РИМ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. “BMB HOLDING” компанияси Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Европа мамлакатларига амалий сафари доирасида 24 октябрь куни Италиянинг “Berlusconi Finanziaria” компанияси президенти Паоло Берлускони билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Милан шаҳрида бўлиб ўтган мулоқот аввалги музокараларнинг мантиқий давоми бўлиб, илгари сурилган ташаббусларни амалий фаолиятга татбиқ этиш ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик даражага олиб чиқиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Берлусконилар оиласи билан кўп йиллар давомида шаклланган дўстона муносабатлар ва ўзаро ишончга асосланган алоқаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ушбу дўстлик ришталари ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги ташаббусларни илгари суришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Учрашув давомида томонлар хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий Европа технологиялари ва илғор тажрибаларни жорий қилиш, шунингдек, турли соҳаларда истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида энергетика, инфратузилма ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаларида стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик инвестициявий лойиҳаларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар мазкур йўналишларда янги лойиҳаларни илгари суриш, замонавий технологиялар ва халқаро тажрибани жалб этиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликнинг самарали механизмларини шакллантириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, энергетика ва инфратузилма тармоқларида узоқ муддатли иқтисодий самарадорликни таъминлашга қаратилган йирик қўшма ташаббусларни молиялаштириш, уларни босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда самарали бошқарув механизмларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида томонлар кўриб чиқилган масалалар бўйича амалий ишларни жадаллаштириш, лойиҳаларни батафсил ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Мазкур мулоқот “BMB HOLDING” ва “Berlusconi Finanziaria” ўртасида янги стратегик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида “BMB HOLDING” Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Паоло Берлусконини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.
“BMB HOLDING” Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Европа мамлакатлари бўйлаб амалий сафари давом этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

