Вена шаҳрида “BMB HOLDING” ва “AGROTEC GMBH” компаниялари ўртасида 15 миллион евролик инвестицион шартнома имзоланди
Январ 28, 2026. 17:52 • 2 дақ
• 146
ВЕНА, 28 январь. /“Дунё” АА/. “BMB HOLDING” Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари бўйича турли учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Европанинг қатор мамлакатларига режалаштирилган ишчи сафар доирасида Ҳолдинг асосчиси хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, истиқболли қўшма инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш юзасидан қатор музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Бугун Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида Вена шаҳрида “BMB HOLDING” Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов узоқ йиллик бизнес ҳамкори “AGROTEC GMBH” компанияси президенти Борис Кандов билан музокара ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлади.
“BMB HOLDING” ҳамда “AGROTEC GMBH” компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган “AGROINVEST” Австрия–Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам музокаралар диққат марказида бўлди.
Айниқса, Ҳолдинг томонидан етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорларига тезкор ва юқори сифат стандартлари асосида етказиб бериш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган музокаралар натижасида томонлар “AGROINVEST” қўшма корхонаси фаолиятини тизимли равишда кенгайтириш, яқин келажакда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги қўшма инвестиция лойиҳаларини мамлакатимизда амалга ошириш юзасидан келишиб олди.
Музокаралар якунида “BMB HOLDING” ҳамда “AGROTEC GMBH” компаниялари ўртасидаги экспорт-импорт ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида, умумий қиймати 15 миллион евролик инвестицион шартнома имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
