Ўзбек маданияти Германиянинг Висбаден шаҳрида ўтказилган анъанавий фестивалда намойиш этилди
Сентябрь 06, 2026. 12:46 • 2 дақ
• 50ВИСБАДЕН, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Гессен ўлкаси пойтахтида турли миллат вакилларини бир майдонда жамлаган 49-халқаро маданият фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Висбаден шаҳар маъмурияти томонидан ташкил этилган тадбир марказий Шлоссплац майдонида ўтказилди. Фестиваль доирасида турли халқларнинг миллий маданияти, мусиқаси ва фольклори, анъанавий таомлари, амалий санъати ҳамда урф-одатлари намойиш этилди.
Фестивалда “Дўппи” ўзбек-герман маданий жамияти ҳам фаол иштирок этди. Жамият вакиллари кенг жамоатчиликни ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва анъаналари, амалий санъати ҳамда миллий таомлари билан яқиндан таништирди.
Ўзбекистон майдончасига ташриф буюрганлар анъанавий ҳунармандчилик намуналари, миллий нақшлар ва ўзбек либосларини кўриш, шунингдек, маданий жамият фаолияти ҳақида атрофлича маълумот олиш имконига эга бўлди.
Меҳмонларда ўзбек миллий таомлари катта қизиқиш уйғотди. Ташриф буюрувчиларга миллий таомлар ва ширинликлар тортиқ қилиниб, Ўзбекистоннинг бой гастрономик анъаналари ва ўзига хослиги намойиш этилди.
Ўзбекистоннинг Франкфурт-майндаги Бош консулхонаси вакиллари ҳам фестивалда қатнашиб, ўзбек майдончаси фаолияти билан танишди. Дипломатлар ўзбек диаспорасининг миллий маданият ва анъаналарни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва кенг тарғиб қилишга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


