Богуслав Мариан Либерадский: Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли учун кўплаб имконият яратмоқда
Август 21, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 34
ВАРШАВА, 21 август. /“Дунё” АА/. Польшалик таниқли сиёсатчи, иқтисодиёт фанлари профессори Богуслав Мариан Либерадский мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий қутлайман.
Мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, “Ўзбекистон – 2030” концепциясининг ишлаб чиқилиши фуқаролар манфаатига хизмат қиляпти. Ўтган ўн йилда эришилган натижалар белгиланган мақсадларнинг тўғри танлангани, ушбу концепциянинг аҳоли учун кўплаб имкониятлар яратаётганини ифодалайди.
Ўзбекистон Марказий Осиё учун муҳим иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлган таянч давлат ҳисобланади. Қўшни мамлакатлар билан амалга оширилаётган савдо-иқтисодий муносабатлар аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, устувор йўналишлардан бири – транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, хусусан, темир йўл, автомобиль ва мультимодал ташувларни ўз ичига олган Евроосиё транспорт коридорини яратишга катта эътибор қаратилмоқда.
Европа парламентида Ўзбекистон транспорт соҳаси мутахассисларидан иборат нуфузли делегацияни қабул қилиш мен учун катта шараф бўлган. Биз республика томонидан мамлакатнинг Европа Иттифоқи, Польша учун транспорт имкониятларини, Ўзбекистон ҳудуди орқали Осиё мамлакатлари билан транспорт алоқаларини яхшилашга қаратилган лойиҳа ва ташаббусларни юқори баҳоладик. Логистика хизматлари экспорти миллий иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
Ўзбекистоннинг ёш аҳолиси улкан ресурс ҳисобланади. Ҳозир Польшада қарийб 2 минг нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаяпти. Ўн йил аввал уларнинг сони атиги 280 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич ёшларга хорижда таълим олиш учун яратилаётган кенг имкониятлардан далолат беради.
Мамлакат Европа Иттифоқи билан муносабатларни ишончли равишда мустаҳкамлаб бормоқда. Бунинг яққол далили сифатида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим, вазирларнинг ташрифлари ва янги келишувларни имзолаш билан мустаҳкамланаётган Ўзбекистон–Польша муносабатларининг жадал ривожланаётганини қайд этиш мумкин.
Ислоҳотларнинг ижобий натижалари Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, айниқса, Польша билан муносабатларда янада яққол намоён бўлаяпти. Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлидаги чора-тадбирлар жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонга шахсан бориб, унинг бой маданияти ва тарихи билан яқиндан танишишни режа қилганман.
Яна бир бор, Ўзбекистон ва унинг халқига чуқур ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни билдираман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси