Латвия 2026 йилда Ўзбекистонга халқаро автомобиль юк ташишларини амалга ошириш учун қўшимча рухсатномалар ажратади
Июль 15, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 123
РИГА, 15 июль. /“Дунё” АА/. Рига шаҳрида Ўзбекистон ва Латвия транспорт вазирликлари ўртасида Халқаро автомобиль юк ташувлари бўйича Қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон делегациясига Транспорт вазирлигининг Халқаро транспортни таҳлил қилиш департаменти бошлиғи Мирносир Юсупов, Латвия делегациясига эса Автомобиль транспорти дирекцияси бошқаруви раиси Таливалдис Вектиранс бошчилик қилди.
Мулоқот чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Хусусан, ўзаро транзит юк ташувлари ҳажмини ошириш, ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, логистика занжирлари самарадорлигини ошириш ҳамда Европа йўналишидаги юк оқимларини диверсификация қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар давомида ўзбек миллий ташувчиларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида 2026 йил учун Ўзбекистон томонига қўшимча 6 минг дона халқаро автомобиль юк ташув рухсатномасини ажратиш бўйича келишувга эришилди. Бу қарор миллий автотранспорт операторларининг Европа бозоридаги фаолиятини сезиларли даражада осонлаштиради.
Бу каби рухсатномаларнинг кўпроқ ажратилиши ўзбек юк ташувчиларининг Европа Иттифоқи бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси