Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Февраль 25, 2026. 13:02 • 3 дақ
• 43
БМТ Украинада тинчликни қўллаб-қувватловчи резолюцияни қабул қилди
24 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Украинада тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. “Украинада барқарор тинчликни қўллаб-қувватлаш” деб номланган резолюция учун 107 давлат овоз берган, 12 давлат қарши чиққан, 51 мамлакат бетараф қолган. Қарши овоз берган 12 давлат – Россия, Беларусь, Буркина-Фасо, Бурунди, Куба, Шимолий Корея, Эритрея, Эрон, Мали, Нигер, Никарагуа ва Судан бўлган. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон 51 та бетараф давлат қаторидан жой олган. Туркманистон эса овоз беришда умуман иштирок этмаган.
Манба: БМТ
***
Ким Чен Иннинг 13 ёшли қизи ядровий кучлар раҳбари бўлди
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзининг 13 ёшли қизи Ким Жу Аэни мамлакат ядровий кучлари раҳбари этиб тайинлади. Разведка маълумотларига кўра, Жу Аэ Шимолий Корея ракета тизимининг бош директори лавозимини эгаллаган. Ҳозирда у ҳарбий генераллардан ҳисоботлар қабул қилмоқда. Айрим ҳолатларда у ҳатто 2023 йилдан буён Ракета маъмуриятини расман бошқариб келаётган Чан Чан Хага эмас, балки бевосита ҳарбийларга топшириқлар бермоқда.
Манба: The Chosun Daily
***
Қозоғистон март ойида ракета учиради
Жорий йилнинг март ойида Қозоғистон ва Россия ҳамкорликда “Байтерек” лойиҳаси доирасида фазога космик ракета учиради. Лойиҳага кўра, Россия ракета ташувчисини ишлаб чиқаради, Қозоғистон эса унинг учириш майдончасини тайёрлайди. Биринчи синов парвози 2026 йил март ойига режалаштирилган.
Манба: Спутник
***
Санкт Петербург губернатори Хайрулло Ибодуллаевни мукофотлади
Санкт Петербург губернатори 7-қаватдан йиқилган болани қутқариб қолган Ўзбекистон фуқароси Хайрулло Ибодуллаевни мукофотлади. Александр Беглов ёрдамга шайлиги ва инсоний фазилати учун унга “Қутқаришда кўрсатган жасорати учун” кўкрак нишонини топширди. Россия Давлат думаси депутати Николай Новичков Хайрулло Ибодуллаевнинг қаҳрамонлиги мукофот ва ҳурматга лойиқлигини билдириб, агар истаса унга Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш кераклигини айтди.
Манба: ТАСС
***
АҚШ Ўзбекистон фуқаросига санкция қўллади
АҚШ киберхавфсизлик чоралари доирасида “Россияга алоқадор” учта юридик шахс ва тўрт нафар жисмоний шахсга санкциялар жорий этди. Улар орасида Ўзбекистоннинг бир нафар фуқароси ҳам бор. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси маълумотида маълум қилинди. Рўйхатдан Россия фуқаролари Сергей Зеленюк, Олег Кучеров ва Марина Васанович ҳамда Ўзбекистон фуқароси Азизжон Мамашоев жой олган.
Манба: OFAC
***
Туркияда F-16 қирувчи самолёти қулаб тушди
Туркиянинг Баликесир провинциясида ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, самолёт маҳаллий вақт билан соат 00:56 да радарлардан йўқолган ва учувчи билан алоқа узилган. Қирувчи самолёт Наифли қишлоғи яқинидаги Измир–Истанбул автомобиль йўлининг бир қисмига қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида самолёт учувчиси ҳалок бўлган.
Манба: Yeni Akit
***
Россияда Павел Дуровга қарши жиноий иш очилди
Россияда Telegram асосчиси Павел Дуровга қарши жиноят иши очилди. Қайд этилишича, Тelegram маъмурияти Роскомнадзор талабларини бажармагани ва 1 369 канал, чат ва ботларни болалар порнографияси билан боғлиқ, 3 771 та наркотиклар билан, 2 666 та ўз жонига қасд қилиш билан, 2 124 та вояга етмаганларни ноқонуний фаолиятга жалб қилиш билан боғлиқ каналларни ўчирмаган. Бундан ташқари, 10,5 мингдан ортиқ канал экстремизмга чақирувлар ва “душманни молиялаштириш” билан боғлиқ экани, 1 125 каналда экстремистик ва террористик ташкилотлар материаллари жойлаштирилгани келтирилган.
Манба: Astra
***
Ҳиндистондаги авиаҳалокатда 7 киши қурбон бўлди
Ҳиндистоннинг Жаркханд штатида бортида бемор ва тиббиёт ходимлари бўлган кичик самолёт қулаб тушди. Ҳодиса штатнинг Чатра туманида юз берган. Маҳаллий полиция баёнотига кўра, авиаҳалокат оқибатида самолёт бортидаги барча – 7 киши ҳалок бўлган. Самолёт бахтсиз ҳодиса туфайли танасининг 60 фоизи куйган 41 ёшли эркакни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун пойтахтга олиб кетаётган бўлган.
Манба: TASS
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
