Logo

Жанубий Кореядан АҚШгача: дунёнинг 50 та шаҳрида ўзбекистонликлар учун ифторлик тадбирлари ўтказилмоқда

Февраль 25, 2026. 12:28 • 2 дақ

53
Жанубий Кореядан АҚШгача: дунёнинг 50 та шаҳрида ўзбекистонликлар учун ифторлик тадбирлари ўтказилмоқда

ТОШКЕНТ, 25 февраль. /“Дунё” AA/. Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси остида хориждаги ватандошлар учун кенг кўламли ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жорий йилда мазкур ташаббус дунёнинг 10 мамлакати ва 50 шаҳрини қамраб олиб, хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган юртдошларни бирлаштиради.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ифторликлар Макка ва Мадина, Сеул, Истанбул ва Анқара, Қоҳира, Аммон, Куала-Лумпур, Вашингтон, Нью-Йорк ва Торонто каби йирик мегаполисларда юксак савияда ўтказилмоқда. Тадбирлар географияси жуда кенг бўлиб, хусусан, Россиянинг 20 та ва АҚШнинг 10 та йирик шаҳарларида ҳам юртдошларимиз учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган.

Тадбирлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги элчихона ва консуллик муассасалари орқали мамлакатимиз мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Таниқли уламолар ва имом-хатиблар иштирокидаги учрашувларда ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятларга садоқат ва ватандошларни маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, Президент ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда ватандошлар ҳомийлигида қўшимча ифторликлар Даллас, Филадельфия, Орландо, Вашингтон, Макка, Новосибирск, Томск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади — хориждаги фуқароларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ватан билан боғлиқлик туйғусини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш