“Бадоеъ ул-бидоя”нинг Истанбулда сақланаётган ноёб нусхаси нашр этилди
Февраль 25, 2026. 11:45 • 2 дақ
• 70
ИСТАНБУЛ, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Алишер Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нусхаси илк бор факсимиле шаклида нашр этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Истанбулда жойлашган Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) томонидан юритилган қўшма илмий лойиҳа натижасида амалга оширилди.
Қайд этилишича, олимлар бугунга қадар асарнинг Париж, Лондон, Теҳрон, Боку ва Тошкентдаги нусхаларини тадқиқ этган. Истанбулдаги нусханинг чоп этилгани “Бадоеъ ул-бидоя”ни янада чуқурроқ ўрганишга имкон яратади. Чунки, ушбу нусха Навоийга замондош бўлган машҳур хаттот Султон Али Машҳадий томонидан 1484–1485 йилларда Ҳиротда кўчирилгани билан жуда қадрлидир.
Тадқиқотлар Алишер Навоий ва Султон Али Машҳадий ўртасида кўплаб илмий ҳамкорлик бўлганини кўрсатади. Навоийшунос олим Афтондил Эркиновга маълумотига кўра, “Мазкур қўлёзманинг Алишер Навоий назорати остида кўчирилгани анча аниқ. Чунки, сабаби деярли ўша пайт 1483–1485 йиллари Алишер Навоий ўз “Хамса”сини Ҳиротда ёзаётган эди. Айни пайтда Султонали Машҳадий Ҳиротда 889/1484–1485 йили “Бадоеъ ул-бидоя” девонини кўчирган. Демак, уни Алишер Навоий кўргани асосли”.
Филология фанлари доктори, профессор Афтондил Эркинов ва тарих фанлари доктори Аширбек Мўминов томонидан нашрга тайёрланган “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг Истанбул нусхаси нашр этилгани уни тадқиқ қилаётган навоийшунос олимларимиз учун қулайлик яратиб, илмий тадқиқотларда кенг фойдаланилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
