Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Апрель 29, 2026. 14:01 • 5 дақ
• 72
Россияда мигрантлар учун давлат божлари 10–12 бараварга ошиши мумкин
Россияда мигрантлар учун давлат божлари миқдори 10-12 баробар ошиши мумкин. Россия ҳукумати Молия вазирлигининг тегишли қонун лойиҳасини маъқуллади. Нархларнинг ошиши кириш, яшаш гувоҳномаси ва фуқароликни олиш учун таклифномаларни расмийлаштиришга таъсир қилади. Шундай қилиб, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун яшаш гувоҳномасини олиш учун бож 6 мингдан 30 минг рублгача, яъни 400 фоизга ошади.
Манба: Известия
***
Сурияда Башар Асад устидан суд жараёни бошланди
Сурияда собиқ президент Башар Асад ва унинг ҳукуматида ишлаган амалдорлар иши бўйича 26 апрель куни биринчи тинглов бўлиб ўтди. Суриядан қочиб кетган Башар Асад ва унинг укаси Маҳер Асад устидан суд жараёни сиртдан олиб борилмоқда. Бироқ уларнинг қариндоши, собиқ хавфсизлик мулозими Атиф Нажиб суд залига қўли кишанланган ҳолда қатнашган. Суд манбаларига кўра, ушбу жараёнлар Асад, унинг укаси ва Нажиб каби бошқа юқори лавозимли шахслар устидан ўтказиладиган асосий судларга тайёргарликнинг бошланишидир.
Манба: France 24
***
Буюк Британия ҳарбий банк ташкил этмоқчи
Британия ҳукумати Шимолий Европалик иттифоқчиларига қайта қуролланишни тезлаштиришда ёрдам берадиган “мудофаа банки”ни яратиш имкониятларини ўрганмоқда. ушбу схема Европа Иттифоқининг қурол-яроғ сотиб олишни молиялаштириш учун мўлжалланган кредит механизми асосида тузилиши мумкин. JEF (Бирлашган экспедиция кучлари) банки НАТОга аъзо ўнта Шимолий Европа давлатидан иборат альянсга арзонроқ заемлар ҳисобига мудофаа лойиҳаларини молиялаштириш имконини беради. JEF таркибига Буюк Британиядан ташқари Норвегия, Финляндия, Швеция, Эстония, Латвия, Литва, Дания, Исландия ва Нидерландия киради.
Манба: The Telegraph
***
БАА OPEC таркибидан чиқишини эълон қилди
Бирлашган Араб Амирликлари 28 апрель куни Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти — OPECдан чиқишини маълум қилди. Қарор Эрон атрофидаги уруш сабабли юзага келган мислсиз энергетик инқироз фонида Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги келишмовчиликлар намоён бўлаётган бир пайтда, ташкилот учун жиддий зарба бўлди. Ташкилотнинг узоқ йиллик аъзоси бўлган БААнинг кетиши нефть ишлаб чиқарувчилар гуруҳини сезиларли даражада кучсизлантириши мумкин. OPEC шу вақтгача геосиёсий низолар ва ишлаб чиқариш квоталари бўйича ички зиддиятларга қарамай, бирдамликни сақлашга ҳаракат қилиб келаётган эди.
Манба: Reuters
***
Қамчибек Ташиевга давлат тўнтаришига уриниш айблови қўйилди
Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, собиқ депутат Қурманкул Зулушев ва Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Шакиевга давлат тўнтаришига уриниш айблови расман эълон қилинди. Уччала шахсга ҳам илгари ушбу иш бўйича бошқа фигурантларга қўйилган айблов моддалари ўқиб эшиттирилган. Гап оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ҳамда тергов томонидан давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳоланаётган ҳаракатлар билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳақида бормоқда.
Манба: адвокат Шердор Абдикаппаров
***
АҚШда Трамп тасвири туширилган паспорт чиқарилади
АҚШда мустақилликнинг 250 йиллиги муносабати билан президент Дональд Трамп тасвири туширилган паспортлар чиқарилади. Шахсни тасдиқловчи бундай ҳужжатлар чекланган миқдорда чиқарилади ва Вашингтондаги паспорт агентлиги томонидан берилади. Аммо паспорт онлайн тарзда ёки бошқа бўлимлардан олинса, стандарт дизайндаги ҳужжат тақдим этилади. Паспортнинг ички томонига Дональд Трампнинг тасвири ва олтин рангли имзоси туширилади. Орқа муқовада эса америкалик рассом Жон Трамбалнинг “Мустақиллик декларацияси” асаридан парча тасвирланади.
Манба: BBC
***
Москвада қурилаётган бинодаги ёнғинда 8 киши ҳалок бўлди
Москва шимолидаги қурилаётган бинода чиққан ёнғин оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, яна 13 киши жароҳатланди. Ёнғин 2-Амбулатория йўли, 14-уй манзилидаги қурилаётган тураржой биносида содир бўлган. Бу элита тураржой мажмуасининг қурилиш майдони ҳисобланади. Бинонинг иккинчи ва учинчи қаватлари ёниб кетган.
Манба: ТАСС
***
Жанубий Корея собиқ президенти рафиқасининг жазо муддати 4 йилга узайтирилди
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними Ким Гон Xи акцияларни манипуляция қилиш ва порахўрлик учун 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Апелляция суди унинг олдинги қамоқ муддатини узайтирди. Апелляция суди Ким акциялар нархини бир гуруҳ трейдерлар билан келишган ҳолда манипуляция қилганини исботлади ва қуйи суднинг уни оқлаш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Суд, шунингдек, унга 70 миллион вон (47 минг доллар) жарима солди ва маржонни мусодара қилишни буюрди. Собиқ президент Юн Сок Ёлнинг рафиқаси ҳисобланган Ким январь ойида пора олишда айбланиб, 20 ойга қамаганди, суд ўшанда уни бошқа айбловлардан озод қилган.
Манба: Reuters
***
Венгрия ҳукмрон партияси Орбаннинг истеъфосига рухсат бермади
Венгриянинг амалдаги бош вазири Виктор Орбан сайловдаги мағлубиятдан сўнг ўз партияси президентлигидан кетишни таклиф қилди. Бироқ Фидес партияси раҳбарияти бу таклифни рад этди. Икки ҳафта олдин бўлиб ўтган сайловларда Орбан бошчилигидаги Фидес партияси мағлубиятга учради. Бу билан партиянинг 16 йиллик бошқаруви якунига етди. Виктор Орбан ўзининг “миллатчилик ҳаракати”ни қайта тиклашга ваъда берди. Шу билан бирга, у 1990 йилдан бери биринчи марта парламентдаги депутатлик ўрнини эгалламасликка қарор қилган.
Манба: Bloomberg
***
Трамп Эронга қарши узоқ муддатли блокадага тайёргарлик кўришни топширди
АҚШ Президенти Дональд Трамп ўз ёрдамчиларига Эронга қарши узоқ муддатли блокадага тайёргарлик кўришни буюрди. Оқ уйдаги сўнгги йиғилишларда, жумладан махсус вазиятлар марказида, Трамп Эрон иқтисодиёти ва нефть экспортига босимни давом эттириш мақсадида мамлакат портларини блокада қилишни маъқул кўрган.
Манба: The Wall Street Journal
***
Қодировнинг жияни Сербия фуқаролигидан маҳрум қилинди
Сербия ҳукумати Чеченистон раҳбарининг жияни Якуб Закриевга мамлакат фуқаролигини бериш тўғрисидаги қарорни расман бекор қилди. Расмийлар бу ҳаракатни юридик жиҳатдан Закриевнинг фуқаролиги “жамоат хавфсизлигига таҳдид” экани билан изоҳлаган. Фуқароликни бекор қилиш тўғрисидаги қарор бош вазир Журо Матсут томонидан имзоланган.
Манба: Неделжник
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси