Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Март 05, 2026. 15:51 • 3 дақ
• 53
Германия Эронга қарши урушда қатнашишдан бош тортди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус мамлакати Эронга қарши урушда иштирок этмаслигини маълум қилди. Вазир можародан “чиқиш стратегияси” йўқлигидан хавотир билдирди. Парламентда Эронга берилган зарбаларни халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан баҳолаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Манба: Deutsche Welle
***
Қирғизистон ҳам ўз фуқароларини Яқин Шарқдан қайтаришни бошлади
Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларини Жидда шаҳридан эвакуация қилишни бошлади. Ҳозирга қадар 210 нафар қирғизистонлик ортга қайтарилди. Қайд этилишича, самолётлар Бишкек ва Ўш аэропортларига қўнган. Натижада Бишкекка 90 нафар, Ўшга эса 120 нафар қирғизистонлик фуқаро етиб келган.
Манба: 24.kg
***
АҚШнинг Эронга қарши уруши 210 млрд долларга тушиши мумкин
АҚШнинг Эрон билан уруши Америка иқтисодиётига 210 миллиард долларгача зарар етказиши мумкин. Бу ҳақда Уортон мактаби профессори ва молиявий таҳлилчи Кент Сметтерс таъкидлаган. Кент Сметтерс прогнозларига кўра, ҳозирда иқтисодий йўқотиш 115 миллиард долларни ташкил этади, аммо бу кўрсаткич можаронинг табиати ва давомийлигига қараб 50 миллиард доллардан 210 миллиард долларгача етиши мумкин.
Манба: The Independent
***
Ироқда тўлиқ блэкаут: бутун мамлакат электрсиз қолди
Ироқнинг барча ҳудудларида истисносиз электр энергияси узилиб қолди. Ироқ Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатдаги электр узатиш тармоқларининг катта қисми авариявий техник носозлик туфайли ўчиб қолган. Вазирлик мутахассислари электр таъминотини тезроқ тиклаш учун дарҳол таъмирлаш ишларини бошлаган.
Манба: Deutsche Welle
***
Хоминаийнинг дафн маросими номаълум муддатга қолдирилди
Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг чоршанба оқшомига белгиланган давлат дафн маросими номаълум муддатга қолдирилди.Мотам маросимлари уч кун давом этиши керак эди ва эрталаб ижтимоий тармоқларда ҳамма нарса тайёр бўлгани акс этган суратлар тарқалди. Аммо ташкилотчилар кутилмаганда маросим зарур инфратузилма яратилмагунча қолдирилганини маълум қилди.
Манба: BBC
***
АҚШ Эрон ҳарбий кемасини чўктирди, қурбонлар кўп
АҚШ сув ости кемаси Шри Ланка қирғоқлари яқинида Эроннинг Дена фрегатини чўктирди, камида 80 киши ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса Вашингтоннинг Эрон ҳарбий-денгиз кучларига қарши ҳаракатлари янада кенгаяётганини кўрсатмоқда. Фрегат Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли бўлиб, Ҳиндистоннинг шарқий портидан қайтаётган эди.
Манба: Reuters
***
228 млн бола хавф остида: жаҳонда семириш муаммоси кучаймоқда
Жаҳонда болалар орасида ортиқча вазн ва семириш муаммоси тез суръатларда кучаймоқда. “World Obesity Atlas 2026” ҳисоботига кўра, 2040 йилга бориб семиришдан азият чекаётган болалар сони 228 миллионга етади. Бу тарихда биринчи марта ортиқча вазнли болалар сони камвазнли болалар сонидан ошиб кетишини англатади.
Манба: Euronews
***
Қатар газни суюлтириш жараёнини тўлиқ тўхтатди
Яқин Шарқдаги нотинчлик фонида Қатарнинг “QatarEnergy” давлат энергетика компанияси 4 март куни газни суюлтириш жараёнини тўлиқ тўхтатди. Компания камида икки ҳафта давомида завод ишини қайта тикламайди. Ишни давом эттириш бўйича қарор қабул қилинганидан кейин ҳам газни ўта совитилган ёнилғи ҳолатига келтириш ва тўлиқ қувватга чиқиш учун яна икки ҳафта вақт талаб этилади.
Манба: Reuters
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси