Ўзбекистоннинг энергетика сиёсати БАА инвесторлари эътирофида
Май 19, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 54
АБУ-ДАБИ, 19 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев БААнинг қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги йирик хусусий компанияларидан бири – “AMEA Power” асосчиси ва раиси Ҳуссаин Ал-Новаис билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2016 йилда асос солинган “AMEA Power” компанияси қуёш ва шамол электр станциялари, энергияни сақлаш тизимлари, “яшил” водород, сувни тозалаш лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган.
Компания Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Африканинг 20 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади. “AMEA Power” қайта тикланувчи энергетика соҳасида энг жадал ривожланаётган компаниялардан бири сифатида тан олинган ва халқаро “green energy” рейтингларида қайд этилган.
Учрашув давомида компания раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларга берилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у пухта ўйланган ва оқилона сиёсат туфайли мамлакат қисқа вақт ичида ривожланишнинг янги босқичига эришганини таъкидлади.
Мулоқот давомида Ҳуссаин Ал-Новаис Ўзбекистондаги лойиҳалар самарадорлигини юқори баҳолаб, мамлакатдаги сармоявий фаолиятини янада кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.
Учрашув якунида компания раҳбари ўз жамоаси билан V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш ҳамда унинг доирасида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан музокаралар ўтказиш ниятида эканини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Варшавада Ўзбекистон–Польша ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди



