Покистон матбуоти Ўзбекистоннинг урбанизация соҳасидаги ислоҳотларини эътироф қилди

Май 19, 2026. 14:55 • 2 дақ

40
Покистон матбуоти Ўзбекистоннинг урбанизация соҳасидаги ислоҳотларини эътироф қилди

ИСЛОМОБОД, 19 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” журналида “Боку – WUF-13: барча муносиб уй-жой, хавфсиз ва барқарор шаҳарларда яшашга ҳақли” сарлавҳали мақола эълон қилинди,деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Президенти Озарбайжон пойтахти – Боку шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессияси (WUF-13)да иштирок этгани маълум қилинган.

Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуслари билан уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида сўнгги 8 йилда мамлакатда 120 миллион квадрат метр ёки 600 мингдан зиёд хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм арзон ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етди.

Урбанизация соҳасида ишларни самарали ва тизимли амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Президенти фармони билан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, материалда Ўзбекистонда ўтган йиллар мобайнида 210 миллион квадрат метр бино-иншоот, 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жой барпо этилгани маълум қилинган. Қурилиш ишларининг ҳажми 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан ўтган йили 314 триллион сўмга етди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошиб, урбанизация даражаси 51 фоизга етган, қарийб 20 миллион нафар аҳоли шаҳарларда яшамоқда. Шу сабабли, урбанизация сиёсатида асосий эътибор умумий тамойиллардан амалий механизмлар – молиялаштириш, бошқарув ва масъулият масалаларига қаратиляпти.

 Ушбу мақола Покистоннинг “Infora News” порталида ҳам чоп этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш