Малайзиялик киноижодкорлар Ўзбекистон ҳақида сериал суратга олмоқда
Май 19, 2026. 12:55 • 2 дақ
• 93
КУАЛА-ЛУМПУР, 19 май. /“Дунё” АА/. Малайзиянинг “RTM” давлат телерадиокомпанияси буюртмаси асосида “Rubbertapper Production” томонидан Ўзбекистонда малай тилидаги 8 қисмдан иборат “Ўзбекистон ҳақида муҳаббат кундалиги” («Dairi Cinta Uzbekistan») номли сериал тасвирга олинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу телелойиҳани амалга оширишда юртимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси, Маданий мерос агентлиги ҳамда “Uzbekistan Airways” яқин ҳамкорлик қилмоқда. Суратга олиш ишлари ижодий жамоа томонидан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятининг қатор ноёб тарихий-маданий ҳамда туристик масканларида олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида Жануби-Шарқий Осиёда кенг танилган малайзиялик актёр ва актрисалар ўз ижтимоий тармоқлари орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини фаол тарғиб қилмоқда. Улар томонидан халқаро авиачипталар хариди, замонавий аэропорт хизматлари, қулай меҳмонхоналар, маҳаллий транспорт тизими, миллий таомлар ва юртимизнинг диққатга сазовор масканлари ҳақида 100 га яқин пост ва видеороликлар эълон қилинган. Бу материалларда Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштираётган хорижлик сайёҳлар учун фойдали ва батафсил маълумотлар тақдим этилмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу медиа лойиҳа Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда замонавий инфратузилмасини кенг тарғиб қилиш орқали Малайзия ва бутун АСЕАН минтақасидан келувчи сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
1946 йилда ташкил этилган “RTM” Жануби-Шарқий Осиёдаги йирик ва нуфузли медиатузилмалардан бири ҳисобланади. Унинг умумий томошабинлар аудиторияси қарийб 100 миллион кишини ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




