Бухоро 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Креатив шаҳарлар тармоғи халқаро конференциясига мезбонлик қилади
Ноябрь 29, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 235ЭС-СУВЕЙРА, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тарихий ва маданий мероси билан дунёга машҳур Бухоро шаҳри 2027 йилда ЮНЕСКО Креатив шаҳарлар тармоғининг (UCCN) XIX йиллик халқаро конференциясига мезбонлик қилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Марокашнинг Эс-Сувейра шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Креатив шаҳарлар тармоғининг XVIII йиллик конференцияси доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан махсус тақдимот ташкил этилди.
Унда Бухорони 2027 йилги навбатдаги конференцияга мезбон шаҳар сифатида тайёрлаш концепцияси, шаҳарнинг ижодий индустрияларни ривожлантириш борасидаги тажрибаси ва халқаро маданий мулоқот майдони сифатидаги имкониятлари намойиш этилди.
Тадбирда 53 мамлакатдан 123 та шаҳар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси келгуси конференциянинг асосий йўналишлари билан таништириб, унинг маданият, ижодий саноат ва барқарор шаҳар ривожланиши соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамиятини таъкидлади.
Тақдимот давомида Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий ижодий индустрияларни ривожлантириш борасидаги салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Бухоро ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳар ҳамда “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати” йўналиши бўйича Креатив шаҳарлар тармоғининг аъзоси ҳисобланади.
Бухорода конференция ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан 2025 йилда Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида илгари сурилган эди.
Келгуси конференциянинг яна бир муҳим жиҳати 2027 йилда Бухорода ўтказиладиган Иккинчи Бухоро замонавий санъат биенналеси билан узвий боғлиқлигидир. “Асрлар оша меҳмондўстлик” мавзусида ташкил этиладиган биеннале халқаро маданий алмашинувни кучайтириш, турли мамлакатлар ижодкорлари ва санъат вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, Бухорода ЮНЕСКО Креатив шаҳарлар тармоғининг йиллик конференцияси ўтказилиши Ўзбекистон учун катта халқаро аҳамиятга эга. Зеро, мазкур тадбир Марказий Осиёда ушбу тармоқнинг биринчи йиллик конференцияси бўлади. Бу эса минтақанинг маданий ва ижодий салоҳиятини халқаро майдонда кенг намойиш этиш учун янги имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, конференция мамлакатнинг туристик жозибадорлигини ошириш, маданият ва креатив иқтисодиёт соҳаларига хорижий ҳамкорлар ва инвестицияларни жалб қилиш, халқаро профессионал алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Бухоронинг 2027 йилги халқаро конференцияга мезбонлик қилиши нафақат шаҳарнинг бой тарихий мероси ва ҳунармандчилик анъаналарини жаҳонга танитиш, балки Ўзбекистоннинг замонавий маданий тараққиёти, ижодий индустриялари ва халқаро ҳамкорлик салоҳиятини намоён этиш учун муҳим имкониятдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


