Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳудудларни ривожлантириш учун илғор бошқарув моделларини муҳокама қилди
Ноябрь 28, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 136
ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Ҳусаинов Корея хорижий инфратузилма ва урбанизацияни қўллаб-қувватлаш корпорацияси (KIND) президенти ва бош ижрочи директори Ким Бок Хван билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг иқтисодий ўсиши ва инфратузилмасини ривожлантириш учун янги имкониятларни излаш, илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантиришда замонавий бошқарув моделларидан фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини самарали ташкил этиш, шаҳарсозлик ва инфратузилмада инновацион ёндашувларни қўллаш, бошқарув натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Шаҳарларни ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини бошқариш ва давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланиш бўйича Корея тажрибасини ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистон ҳудудларида қўллаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудларнинг ўсиш нуқталари асосида янги лойиҳаларни шакллантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси