Ўзбекистон туризм салоҳияти Лейпцигдаги кўргазмада намойиш этилди
Ноябрь 29, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 139ЛЕЙПЦИГ, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Лейпциг шаҳрида бўлиб ўтган “Touristik & Caravaning Leipzig 2026” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари кенг намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Германиядаги йирик халқаро туристик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Бу галги намойишда 460 дан ортиқ компания ўз хизмат ва маҳсулотларини тақдим этди. Қарийб 60 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган кўргазмага 53 мингга яқин киши ташриф буюрди.
Ўзбекистоннинг кўргазмадаги иштирокини мазмунли ташкил этиш мақсадида мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан маҳаллий туристик компанияларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилди.
Миллий стендда “Uzbekistan Airways” ва “Qanot Sharq” авиакомпаниялари вакиллари ҳам иштирок этди. Бу мамлакатимизнинг туристик йўналишлари билан бир қаторда транспорт ва авиақатнов имкониятларини ҳам хорижий меҳмонларга таништиришга хизмат қилди.
Кўргазма давомида Германиянинг туристик компаниялари, туроператорлари ва сайёҳлик агентликлари вакиллари билан қатор B2B форматдаги учрашувлар ўтказилди. Хусусан, “Polster & Pohl Reisen” компанияси вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Германиянинг йирик туристик бозор иштирокчилари – “TUI”, “DERTOUR Group”, “Schauinsland-Reisen” ва “Alltours” компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувларда Ўзбекистонни Германия туроператорларининг туристик дастурларига киритиш, маҳаллий сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Германия туристик соҳаси вакиллари учун Ўзбекистонга танишув сафарларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири авиақатновлар географиясини кенгайтириш бўлди. “Uzbekistan Airways” вакиллари билан биргаликда туристик гуруҳлар учун қулай йўналишларни шакллантириш, хусусан, “Франкфурт–Урганч” янги авиамаршрутини очиш бўйича фикр алмашилди.
Кўргазманинг энг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистон миллий стендига бўлган катта қизиқиш бўлди. Тадбир давомида унга Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларидан қарийб 13 минг киши ташриф буюрди. Меҳмонлар мамлакатимизнинг туристик йўналишлари, транспорт инфратузилмаси, меҳмонхоналар, тарихий обидалар, миллий таомлар ва саёҳатни ташкил этиш имкониятлари билан қизиқди.
Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва бошқа сайёҳлик марказлари ҳақидаги маълумотлар ташриф буюрувчиларда катта таассурот уйғотди. Кўргазма меҳмонларига Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти акс этган 1,5 мингдан ортиқ буклет, варақа ва ахборот материаллари тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



