Самарқанд ва Минск шаҳарлари тўғридан-тўғри медиаконтент алмашинувини йўлга қўйди
Октябрь 31, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 88
МИНСК, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Пойтахт Тошкентдан кейин Самарқанд шаҳри ҳам Ўзбекистон ва Беларусь журналистика жамоатчилигининг ташаббусини қўллаб-қувватлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусь ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмалари, Беларусь Миллий Мажлиси Республика Кенгаши ҳамда мамлакатимизнинг Минскдаги элчихонаси кўмагида “Минск-Новости” агентлиги ва “Самарқандский вестник” медиахолдинги ўртасида тўғридан-тўғри медиаконтент алмашиш бўйича қўшма лойиҳага старт берилди. Ҳамкорлик доирасида илк газета нашрлари, видеороликлар, радиоподкастлар ва ижтимоий тармоқлар учун материаллар кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Лойиҳа доирасида ўтказилган учрашувларда замонавий матбуотнинг долзарб муаммолари, шунингдек, экспертлар иштирокида қўшма стримлар ва мультимедиа дастурларини ташкил этиш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Минсклик ҳамкасблар “Самарқандский вестник” нашрининг Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш, материалларни уч тилда (ўзбек, рус ва тожик тилларида) нашр этиш ҳамда шаҳар матбуот музейини ташкил этиш борасидаги бой тажрибасини юқори баҳоладилар.
Лойиҳанинг ўзбекистонлик асосий ҳамкори бўлган “Самарқандский вестник” газетаси келгуси йилда 120 йиллик юбилейини нишонлайди. Ушбу нашр Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли медиатузилмалардан бири ҳисобланади.
Мазкур қўшма лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро майдонда ишончли ахборот маконини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси