Теҳрондан муносабат: Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги ташаббуслари минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Октябрь 31, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 80
Теҳрондан муносабат: Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги ташаббуслари минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

ТЕҲРОН, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Маданият институти директори ёрдамчиси Ахмет Акалин “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Туркияга амалий ташрифи ҳамда Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Бугунги кунда ТДТ барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётган самарали халқаро тузилмага айланди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти қарийб 2 триллион АҚШ долларини ташкил этади. 2026 йил охирига бориб туркий давлатлар иқтисодиётининг умумий ҳажми 3 триллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотда иштирок этиши нафақат иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам, балки туркий дунёнинг умумий маданий ўзлигини сақлаш ва ривожлантиришга қўшилган салмоқли ҳисса бўлди.

2022–2023 йилларда Ўзбекистон ТДТга раислик қилди. Самарқанд саммитида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги йўналиш ва тармоқлари белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган концепциялар, ташаббуслар ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши бунга замин яратди.

Ўзбекистон ТДТ трансформацияси жараёнининг асосий иштирокчиларидан бирига айланиб, Ташкилот доирасидаги интеграция жараёнларининг етакчи иштирокчиси ва ташаббускори сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.

ТДТ фаолиятини кенгайтиришда ташкилот доирасида янги қўшма ишлаб чиқариш корхоналари ва қўшилган қиймат занжирларини яратиш, оддий хомашё экспортидан минтақавий кооперация асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, савдо, рухсатномаларни расмийлаштириш ва логистикани ташкил этиш учун рақамли платформаларни ривожлантириш ҳам ТДТ нуфузини юксалтиради.

Анқарадаги саммитда Президент Шавкат Мирзиёев шериклик алоқаларини янада кенгайтириш ва жадаллаштириш таклифини илгари сурди. Шунингдек, у транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва халқаро транзит йўлакларини ривожлантириш борасида келишилган сиёсат юритиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчисининг ТДТ саммитидаги иштироки минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суришда навбатдаги қадам бўлади.

Ўзбекистоннинг фаол ва конструктив ташқи сиёсати Туркий давлатлар ташкилотининг нуфузини ошириш, қардош халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва келажакка умумий қарашга асосланган муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш