Марказий Осиё–Узоқ Шарқ–Тинч океани минтақаси ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятга эга
Октябрь 26, 2026. 12:30 • 7 дақ
• 153ВЛАДИВОСТОК, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Владивосток шаҳрида Узоқ Шарқ федерал университети (УШФУ) Шарқ институтининг I Бутунроссия илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда россиялик ва хорижий олимлар, Хитой, Япония ва Корея бўйича мутахассислар, Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатлардан тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференция доирасида “Марказий Осиё – Тинч океани: ўзаро боғлиқликнинг янги даражаси?” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Муҳокамаларда УШФУ, Санкт-Петербург давлат университети, Россия Фанлар академиясининг Хитой ва замонавий Осиё институти, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Қирғиз миллий университети ҳамда ШҲТ котибияти вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов иштирок этди.
Акрамжон Неъматов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг изчил ва очиқ ташқи сиёсати ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақа аввалги келишмовчиликларни бартараф этиш босқичидан стратегик устуворликларни мувофиқлаштириш ва ривожланиш истиқболларини биргаликда белгилаш босқичига ўтганини таъкидлади.
СМТИ вакилининг фикрича, шаклланган сиёсий ишонч иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратди. Минтақа мамлакатлари яхши қўшничилик ва биргаликдаги тараққиёт маконини шакллантириб, инфратузилмавий, саноат ва технологик салоҳиятни амалий жиҳатдан уйғунлаштиришга ўтмоқда.
2026 йил 8 октябрь куни Авазада Озарбайжон иштирокида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ушбу йўлнинг изчил давом эттирди.
Минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши иқтисодий ривожланиш суръатларининг сезиларли жадаллашуви билан кечмоқда. Марказий Осиёнинг беш давлати жами ялпи ички маҳсулоти 2016 йилдан буён икки баробар ортди ва прогнозларга кўра, 2026 йил охирига келиб 600 миллиард доллардан ошади.
Минтақа аҳолиси 100 миллион кишига яқинлашиб, катта сиғимга эга истеъмол бозори ва салмоқли кадрлар салоҳиятини шакллантирмоқда. Айни пайтда саноат базаси кенгаймоқда, ўзаро иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда ҳамда минтақа давлатларининг халқаро иқтисодий жараёнлардаги иштироки ортиб бормоқда.
Бой табиий ресурслар ва қулай географик жойлашув билан бир қаторда, ушбу омиллар Марказий Осиёнинг мустақил иқтисодий ўсиш маркази ҳамда халқаро ишлаб чиқариш ва технологик занжирларнинг истиқболли иштирокчиси сифатидаги мавқейини мустаҳкамламоқда.
Акрамжон Неъматов қайд этганидек, ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга қаратилган прагматик сиёсат минтақа давлатларига жаҳон иқтисодий ўсишининг турли марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш имконини бермоқда.
“Марказий Осиё+” форматларининг ривожланиши минтақага халқаро қизиқиш ортиб бораётганининг яққол ифодасидир. Шарқий Осиё мамлакатлари билан муносабатлар алоҳида ўрин тутади. 2025 йил июнь ойида “Марказий Осиё – Хитой”, декабрь ойида биринчи “Марказий Осиё – Япония”, 2026 йил сентябрь ойида эса “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитлари бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Шарқий Осиёдаги ҳамкорлар билан алоқалар анъанавий савдо доирасидан чиқиб, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш, энергетикани ривожлантириш ва муҳандис кадрлар тайёрлаш каби йўналишларни қамраб олмоқда.
Бу Марказий Осиёнинг иқтисодий роли ўзгараётганини кўрсатади: минтақа нафақат маҳсулот сотиш бозори ва транзит бўғини, балки янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва қўшилган қиймат яратишда ҳамкор сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Шу нуқтайи назардан, давра суҳбати иштирокчилари Марказий Осиё ва Россия Узоқ Шарқининг иқтисодий имкониятларини янада яқин уйғунлаштириш истиқболларини қайд этди.
Гап нафақат юк оқимларини кўпайтириш, балки транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик имкониятларидан қўшма ишлаб чиқаришларни, технологик кооперацияни ривожлантириш ва учинчи мамлакатлар бозорларидаги иштирокни кенгайтириш учун фойдаланиш ҳақида бормоқда.
Ушбу ҳамкорликда Ўзбекистон алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатнинг саноат ва транспорт инфратузилмаси ривожланиши ҳамда қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиши Узоқ Шарқни Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорлари билан боғлайдиган ишлаб чиқариш-логистика марказларини шакллантириш учун замин яратмоқда.
2024 йил декабрь ойида имзоланган Россия Узоқ Шарқи ва Ўзбекистон ўртасида 2025–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси шерикликнинг амалий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳужжат савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар, агросаноат мажмуаси, таълим, кадрлар тайёрлаш, тоғ-кон саноати ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олади.
Давра суҳбати давомида Акрамжон Неъматов ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қиладиган бир қатор ўзаро боғлиқ йўналишларни белгилаб берди.
Биринчиси – ўзаро боғланган транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш. Қозоғистонни транзит ҳамкор сифатида жалб этган ҳолда, Приморе ўлкаси ва Тошкент минтақасида ўзаро боғлиқ логистика ва ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш истиқболли йўналиш ҳисобланади.
Мунтазам контейнер ташувларини ривожлантириш, FESCO имкониятларидан фойдаланиш, транспорт операцияларини рақамлаштириш ҳамда ахборот тизимларини, жумладан, Ўзбекистоннинг E-logistika платформасини интеграция қилиш йўналишларнинг рақобатбардошлигини ошириш, етказиб бериш муддати ва харажатларини қисқартириш ҳамда транспорт воситаларини қайтишда ҳам мунтазам юк билан таъминлаш имконини беради.
Иккинчиси – саноат ва илмий-технологик кооперация. Бу борадаги истиқболлар саноат инжиниринги, ускуналарга сервис хизматини кўрсатиш, минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда янги материалларни яратиш, шу жумладан, муҳим минераллар ва ноёб ер элементлари билан боғлиқ йўналишларни қамраб олади.
Узоқ Шарқнинг илмий ва таълим ташкилотлари, энг аввало, УШФУ қўшма тадқиқотлар олиб бориш, муҳандислик ечимларини жорий этиш ва Марказий Осиёда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин.
Ушбу ёндашув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш ташаббусига мос келади. Мазкур ташаббус бир-бирини тўлдирувчи ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, технологик кооперацияни кенгайтириш ва барқарор қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган.
Учинчиси – энергетика ҳамда сув ва экологик барқарорлик. Марказий Осиёнинг ишончли энергия таъминоти ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани қўшма тадқиқотлар олиб бориш, электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг гибрид тизимларини, энергия тизимларини рақамли бошқариш усуллари ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун имкониятлар очмоқда.
Тўртинчиси – агросаноат ва озиқ-овқат соҳасидаги кооперация. Ўзбекистон Президентининг “Евроосиё агроекспресси”ни ташкил этиш ташаббусини ривожлантириш Марказий Осиёдан Россия Узоқ Шарқига мева-сабзавотлар, қуритилган мевалар ва қайта ишланган маҳсулотларни, тескари йўналишда эса балиқ ва денгиз маҳсулотларини мунтазам етказиб беришни таъминлаши мумкин.
Бунинг учун замонавий совутгич ва омбор инфратузилмасини яратиш, назорат тартиб-таомилларини мувофиқлаштириш ҳамда ташувларни олдиндан режалаштириш имконини берадиган барқарор тизимни йўлга қўйиш зарур.
Бешинчиси – кадрлар тайёрлаш ҳамда илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик. УШФУ ва Марказий Осиёнинг етакчи университетлари салоҳиятини бирлаштириш қўшма таълим дастурлари, амалий тадқиқотлар ҳамда муҳандис-техник мутахассислар тайёрлаш кўламини кенгайтириш имконини беради.
Ўзбекистон Президентининг қўшма ишлаб чиқаришлар ва янги технологик йўналишлар учун зарур компетенсияларни шакллантиришга қаратилган “Келажак муҳандислари” ташаббуси бу борада алоҳида қизиқиш уйғотади.
Муҳокама якунида иштирокчилар Марказий Осиё ва Россия Узоқ Шарқи ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда аниқ иқтисодий натижаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Гап алоҳида савдо ва транспорт операцияларидан логистика, саноат, энергетика, илм-фан ва таълимни бирлаштирадиган комплекс шерикликка ўтиш ҳақида бормоқда.
Икки минтақа салоҳиятини уйғунлаштириш ўзаро манфаатларга хизмат қилади. Бу Марказий Осиё учун Осиё–Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш, технологиялар ва муҳандислик компетенсияларини жалб этиш, хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш-логистика салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча имкониятлар яратади.
Россия Узоқ Шарқи учун эса Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ташиш учун қўшимча юк базасини шакллантириш, қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда минтақа орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имконини беради.
Россия Узоқ Шарқи ва Ўзбекистон ўртасида 2025–2030 йилларга мўлжалланган амалдаги ҳамкорлик режаси доирасида тегишли идоралар, илмий марказлар, транспорт операторлари ва ишбилармон доиралар иштирокида тажриба лойиҳалари портфелини шакллантириш амалий қадам бўлиши мумкин. Бу белгиланган истиқболларни муҳокама қилишдан иқтисодиётларнинг рақобат устунликлари ва ўзаро бир-бирини тўлдиришига асосланган ташаббусларни амалга оширишга ўтиш имконини беради.
Иштирокчиларнинг фикрича, Марказий Осиё ва Россия Узоқ Шарқи Евроосиё–Тинч океани ҳамкорлигининг янги маконини шакллантириш учун катта салоҳиятга эга. Бунда Марказий Осиё эндиликда фақат чекка бозор ёки транзит ҳудуди сифатида қаралмай, иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг мустақил маркази ва халқаро қўшилган қиймат занжирларининг истиқболли бўғини сифатида аҳамият касб этмоқда.
Ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш транспорт йўналишларини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш имкониятларини уйғунлаштириш, технологиялар алмашинувини кенгайтириш ва барқарор шериклик алоқаларини шакллантиришни талаб этади. Бундай модель ҳар икки минтақага ўзаро манфаат келтириши, уларнинг халқаро меҳнат тақсимотидаги мавқейини мустаҳкамлаши ҳамда янги бозорларга чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.
Конференция доирасида Россия, Хитой, Ветнам ва бошқа мамлакатлар вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Уларда минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш, экспертлар мулоқотини ривожлантириш ва қўшма тадқиқот ташаббусларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Профессионал алоқаларни кенгайтириш ҳамда тегишли илмий-тадқиқот ва таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



