“Diplomacy Journal”: Марказий Осиё сув тақчиллигига қарши янги ечимлар изламоқда
Май 06, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 49
СЕУЛ, 6 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар фонида сув дипломатиясини кучайтирмоқда ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантирмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири Жанубий Кореянинг “Diplomacy Journal” нашрига таяниб.
Сув ресурслари танқислиги кучайиб бораётган бир шароитда мамлакат соҳани комплекс модернизация қилмоқда. Жумладан, сувни тежайдиган технологиялар жорий этилмоқда, бошқарув рақамлаштирилмоқда ва инфратузилма янгиланмоқда. Сўнгги йилларда бундай технологиялар татбиқ этилган ерлар майдони 2,6 миллион гектардан ошди. 2030 йилга бориб эса ҳар йили 15 миллиард куб метргача сув тежалиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, расмий Тошкент халқаро ҳамкорликни ҳам фаол ривожлантирмоқда. Оролбўйи минтақасини экологик соғломлаштириш асосий йўналишга айланди. У ерда қарийб 2 миллион гектар майдонда янги сув ҳавзалари ва ўрмонзорлар барпо этилди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғи кенгайиб, бу экотизимнинг тикланишига ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон, шунингдек, қўшни мамлакатлар билан трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш, жумладан, сув омборлари ва гидроэнергетика бўйича лойиҳаларни ҳам илгари сурмоқда. Маълумотлар алмашиш ва эксперт платформаларини яратиш орқали Афғонистон билан мулоқотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Журналнинг таъкидлашича, сув дипломатияси бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланиш ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси