“Daily Financial Time”: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳангдир

Ноябрь 26, 2026. 20:00 • 2 дақ

• 24
“Daily Financial Time”: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳангдир

ИСЛОМОБОД, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи “Daily Financial Time” газетасида “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган йўли: стратегиялардан амалий натижаларгача” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон 192 та давлат қаторида БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган кун тартибини қабул қилгани эслатилиб, мамлакатда глобал мақсадлар қандай ҳаётга татбиқ этилаётгани батафсил таҳлил қилинган.

Барқарор ривожланиш мақсадлари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган 50 дан ортиқ тармоқ стратегияларига интеграция қилинган. Улар ижтимоий ҳимоя, рақамлаштириш, гендер тенглиги ва “яшил” иқтисодиёт йўналишларини қамраб олади. Шунингдек, 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик дастури имзоланди.

Шунингдек ўқинг

Мақолада институционал жиҳатлар — қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви шаффофлигини ошириш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу вазифалар Стратегиянинг устувор йўналишларида, давлат хизматларини рақамлаштириш ва маъмурий тўсиқларни қисқартириш ислоҳотларида мустаҳкамланган. Жумладан, 2026 йилдан бошлаб ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, давлат хизматларини соддалаштириш, идоралараро маълумотлар алмашинувини ривожлантиришни кўзда тутувчи “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури амалга оширилмоқда.

Нашр хулосасида таъкидланишича, БРМ тизимини институционал шакллантириш ва аҳолининг базавий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш босқичи асосан якунланган. Камбағаллик даражаси қарийб икки бараварга қисқарди, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти ва болаларни мактабга тайёрлаш қамрови деярли тўлиқ таъминланди, энергетика соҳасида эса энергия манбалари таркиби жадал суръатлар билан янгиланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш