Ўзбекистон ва Ўмон етакчиларининг сиёсий иродаси икки мамлакат ўртасида савдо, инвестициялар ва иқтисодий шерикликни ривожлантириш учун кенг уфқларни очмоқда
Ноябрь 17, 2026. 10:00 • 4 дақ
• 89МАСКАТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президентимизнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи арафасида ушбу мамлакатнинг қатор нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “Al Roya” кундалик иқтисодий нашрида эълон қилинган “Сиёсий ирода савдо, инвестиция ва иқтисодий шериклик учун кенг имкониятлар очилмоқда” сарлавҳали мақолада Ўмон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар жадал ривожланаётгани қайд этилган.
Мақолада икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим институционал асоси бўлган Ўмон–Ўзбекистон инвестиция компанияси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.
2009 йилда ташкил этилган, устав капитали 266 миллион долларни ташкил этувчи мазкур компания саноат, молиявий хизматлар, логистика, инфратузилма, кўчмас мулк ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Қўшма инвестиция компанияси томонидан ўзаро ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 510,8 миллион долларлик 12 та лойиҳа якунланган, яна 936,3 миллион долларлик 16 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Инглиз тилида чоп этиладиган “Times of Oman” нашрида чоп этилган мақолада ҳам икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг янги босқичи, мавжуд имкониятлар ва истиқболли йўналишлар таҳлил қилинган.
Нашрда Ўмоннинг Соҳар, Дуқм ва Салала каби йирик портлари, эркин иқтисодий зоналари ва халқаро савдо йўлларига чиқиш имкониятлари Ўзбекистон учун муҳим логистик устунлик экани таъкидланган.
Мақолада Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон транспорт йўналишини ривожлантириш истиқболларига ҳам эътибор қаратилган. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун мазкур йўлак Марказий Осиё товарларини Форс кўрфази, Жанубий Осиё ва Шарқий Африка бозорларига етказишда муҳим аҳамият касб этиши мумкинлиги қайд этилган.
“Oman Daily Observer” нашрида эълон қилинган материалларда Ўзбекистон–Ўмон ҳамкорлигининг иқтисодий ва маданий йўналишлари кенг ёритилган. Материалларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўрнига алоҳида урғу берилган.
2025 йил июнь ойида Тошкентда ўтказилган комиссиянинг бешинчи йиғилишида эришилган келишувлар, жумладан, авиақатновлар имкониятларини кенгайтириш ва ўзбек маҳсулотларини Ўмон портлари орқали қайта экспорт қилиш масалалари ҳамкорликнинг амалий натижалари сифатида кўрсатилган.
Нашрда Ўзбекистон ва Ўмон иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдирувчи имкониятлари ҳам таҳлил қилинган. Ўзбекистоннинг саноат, қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва ишлаб чиқариш салоҳияти, Ўмоннинг эса ривожланган порт инфратузилмаси, молиявий ресурслари ва халқаро савдо йўлларига чиқиш имкониятлари ўзаро манфаатли шериклик учун мустаҳкам замин яратади.
“Oman News Agency” агентлигида маданий-гуманитар ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистон ва Ўмон халқларининг бой тарихий мероси, адабий анъаналари, маънавий қадриятлари ва маданий муштараклиги икки халқни яқинлаштирувчи муҳим омил экани таъкидланган.
Мақолада Ўмон вакилларининг Ўзбекистонда анъанавий тарзда ўтказиладиган “Шарқ тароналари”, мақом ва бахшичилик санъати халқаро фестиваллари ҳамда ҳунармандчилик анжуманларида мунтазам иштирок этиши маданий алоқаларнинг амалий ифодаси сифатида қайд этилган.
2025 йил 26–30 апрель кунлари Хива шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Ўмоннинг “Ал-Шаҳбо” ижодий гуруҳи иштирок этгани алоҳида эътироф этилган.
Жорий йил 12 ноябрь куни Маскат шаҳридаги “Al Mouj Muscat” мажмуасида Ўзбекистон маданият кунларининг тантанали очилиши икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқалар янги босқичга кўтарилаётганининг яна бир ёрқин далили бўлди.
Ўмон маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд Ҳилол ал-Бусаидий ҳамда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида ўтган тадбир доирасида ўзбек миллий ҳунармандчилиги кўргазмаси, ижодий маҳорат дарслари, болалар учун расм чизиш машғулотлари ва мусиқий чиқишлар ташкил этилди.
“Oman News Center” порталида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар фақат сиёсий мулоқот ёки савдо айирбошлаш билан чекланиб қолмаётгани, балки инвестиция, саноат, транспорт-логистика, туризм, таълим ва маданият каби кенг қамровли йўналишларни ҳам қамраб олаётгани ҳақида туркум лавҳалар, интервьюлар ва муносабатлар намойиш этилган.
Шу мазмундаги материаллар Ўмондаги қатор оммабоп ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ҳам эълон қилинмоқда. Уларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар кўлами тобора кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,4 бараварга ошгани қайд этилган.
Шунингдек, 2026 йил июль ойидан бошлаб Маскат ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани ўзаро ишбилармонлик алоқаларини янада фаоллаштириш, тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотларни кенгайтириш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда қўшимча имкониятлар яратаётгани эътироф этилган.
Умуман олганда, Ўмоннинг нуфузли ва оммабоп оммавий ахборот воситалари олий даражадаги Ўзбекистон–Ўмон саммитида самарали натижаларга эришилиши кутилаётгани, давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги туртки бериши ҳақида батафсил ёзмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



