Миср ОАВ: Ўзбекистон ва Ўмон минтақалар ўртасида янги логистика ва савдо кўпригини шакллантирмоқда

Ноябрь 16, 2026. 18:30 • 2 дақ

• 136
Миср ОАВ: Ўзбекистон ва Ўмон минтақалар ўртасида янги логистика ва савдо кўпригини шакллантирмоқда
Миср ОАВ: Ўзбекистон ва Ўмон минтақалар ўртасида янги логистика ва савдо кўпригини шакллантирмоқда

ҚОҲИРА, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг етакчи электрон нашрларида Ўзбекистон ва Ўмон муносабатларининг янги босқичига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Abi-Arab” порталида “Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги: Марказий Осиё ва Форс кўрфазини боғловчи янги стратегик шериклик” сарлавҳали мақола чиқарилди. Унда икки мамлакат муносабатлари анъанавий дипломатик мулоқотдан амалий ҳамкорликка ўтиб бораётгани қайд этилган.

Шунингдек, “Elmashhad” нашрида “Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари” мақоласи чоп этилди. Унда Ўзбекистондаги очиқлик сиёсати ва “Ўмон-2040” стратегияси томонларнинг тараққиёт борасидаги ёндашувлари муштараклигини кўрсатиши таъкидланган.

“See.news” портали ҳам “Ўзбекистон ва Ўмон: янги давр ва ҳамкорлик имкониятлари” мавзусидаги мақолани ўқувчилар эътиборига ҳавола этди. Барча мақолаларда Ўзбекистон Ўмон учун Марказий Осиёда муҳим иқтисодий ҳамкор, Ўмон эса Ўзбекистон учун Форс кўрфази минтақасида ишончли логистика шеригига айланиши мумкинлиги айтилган.

Шунингдек ўқинг

Муаллифлар Ҳукуматлараро комиссиянинг ролига алоҳида тўхталган. 2026 йил сентябрь ойида Маскат шаҳрида томонлар унинг олтинчи мажлисига тайёргарлик кўриш, икки томонлама ишбилармонлик кенгашини тузиш ва қўшма бизнес-форум ўтказишни муҳокама қилганлар. Мақолаларда таъкидланишича, Ўзбекистон Ўмонга тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва электротехника маҳсулотларини, Ўмон эса нефть, саноат материаллари ва ускуналарни етказиб бериши мумкин.

Инвестиция ва транспорт соҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “UzOman” инвестиция компанияси ўндан ортиқ лойиҳани молиялаштирган бўлса, Ўзбекистонда икки йилдан буён “Atyab International Services” агроозиқ-овқат технологик маркази фаолият юритмоқда. Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон” коридори муҳим аҳамият касб этади. Йил ўрталарида “Oman Air” авиакомпанияси Маскат – Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига уч марталик рейсларни йўлга қўйди.

Истиқболли йўналишлар сифатида “яшил” энергетика, сувни тежовчи технологиялар, рақамли савдо, туризм ва академик алмашинувлар кўрсатилган. Ўтган йили 30 нафар ўзбекистонлик тадбиркор аёл илк бор Маскат шаҳридаги бизнес-форумда иштирок этгани қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш