“The World News”: Ўзбекистон ва Ўмон стратегик мулоқотдан амалий натижалар сари одимламоқда
Ноябрь 16, 2026. 20:30 • 3 дақ
• 85
ИСЛОМОБОД, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” электрон нашрида “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ходими Жаҳонгир Исаевнинг Ўзбекистон-Ўмон ҳамкорлигига доир мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидланишича, замонавий халқаро ҳамкорлик тобора кўпроқ учрашувлар ва имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки аниқ натижалар – ташкил этилган корхоналар, сотув бозорларининг кенгайиши, транспорт харажатларининг камайиши ҳамда аҳоли учун янги имкониятларнинг яратилиши билан баҳоланмоқда. Айни шу нуқтаи назардан бугун Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Икки мамлакатнинг устунликлари кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ишлаб чиқариш ва транспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бораётган бўлса, Ўмон Ҳинд океани йўналишларида ривожланган порт инфратузилмаси, халқаро инвестициялар соҳасидаги тажрибаси ҳамда Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига чиқиш имкониятларига эга. Ушбу ҳамкорлик маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб уни якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган кенг қамровли ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини шакллантириш имконини беради.
“Ҳамкорликнинг энг кўзга кўринган натижаларидан бири логистика соҳасидаги якунланган битим бўлди, –дейилади мақолада. – 3 июнь куни “Asyad Group” компанияси “Orient Group” ва “UzOman” иштирокидаги битим доирасида Ўзбекистоннинг иккита логистика платформаси — “Universal Logistics Services ва Highway Logistics Center” компанияларининг назорат пакетларини сотиб олганини маълум қилди”.
Шунингдек, мақолада, Ўмоннинг Дуқм, Соҳар ва Салала портлари ўзбекистонлик экспортчиларнинг транспорт имкониятларини кенгайтириши мумкинлиги қайд этилган.
Муаллиф иқтисодиётни диверсификация қилиш, ресурслардан масъулиятли фойдаланиш ва технологик янгиланиш “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўмоннинг “Oman Vision 2040” дастурида муҳим ўрин тутишини таъкидлаган. Ҳар икки мамлакат учун қуруқ иқлим, сув танқислиги ва иқлимий хавф-хатарларнинг ортиши долзарб масалалар ҳисобланади. Шу боис экологик кун тартиби дипломатик муносабатларнинг иккинчи даражали йўналиши эмас, балки иқтисодий барқарорликнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
2026 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган “Oman Climate Week” тадбири доирасида икки мамлакат вакиллари сувни чучуклаштириш ва қайта ишлатиш, шўрга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экотизимларни тиклаш, ёшлар ўртасида илмий алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда чўлланиш жараёнлари ҳақида эрта огоҳлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бундай ташаббуслар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига, хусусан, тоза сув, ҳамёнбоп энергия, масъулиятли ишлаб чиқариш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва ҳамкорлик йўналишларидаги мақсадларига мос келади.
“Ўзбекистон ва Ўмон узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур сиёсий ва иқтисодий заминга эга. Ушбу шерикликнинг аҳамияти умумий ният ва келишувлар қай даражада тез ишлаб турган корхоналар, ишончли транспорт йўналишлари ҳамда аҳоли учун янги имкониятларга айланиши билан белгиланади”, – деб ёзган Жаҳонгир Исаев мақоласи сўнггида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси