Logo

Ўзбек имомлари Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндиядаги ватандошлар билан учрашди

Март 09, 2026. 16:35 • 3 дақ

53
Ўзбек имомлари Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндиядаги ватандошлар билан учрашди
Ўзбек имомлари Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндиядаги ватандошлар билан учрашди
Ўзбек имомлари Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндиядаги ватандошлар билан учрашди
Ўзбек имомлари Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндиядаги ватандошлар билан учрашди
Ўзбек имомлари Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндиядаги ватандошлар билан учрашди

РИГА, 9 март. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг 2­8 март кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари, имомлар Жамолиддин Кадиров ва Абдулвохид Хакимовнинг Латвия, Литва, Эстония ва Финляндияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган ушбу ташриф давомида имомлар Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндияда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди.

Ўтказилган тадбирлар хорижда яшаётган, меҳнат қилаётган ва таълим олаётган ватандошлар ўртасида ҳуқуқий онгни мустаҳкамлаш, фуқаролик масъулиятини ошириш ҳамда миллий қадрият ва анъаналарни тарғиб қилишга қаратилди.

Латвиядаги “Riga Nordic Univercity”да бўлиб ўтган маънавий-маърифий учрашувда 120 нафардан ортиқ талаба ва ўзбек диаспора вакиллари иштирок этди.

Суҳбат давомида Жамолиддин Кадиров ва Абдулвохид Хакимов ёшларнинг таълим жараёнига масъулият билан ёндашиши, дарсларда мунтазам қатнашиши, ўқишга салбий таъсир кўрсатувчи меҳнат фаолиятидан тийилиши, молиявий мажбуриятларни ўз вақтида бажариши ҳамда чет давлатнинг ички ва миграция қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиши борасида сўз юритди.

Шунингдек, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтди. Диний, маънавий-маърифий ва консуллик масалалари бўйича берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Тадбир якунида талабаларга турли ёд ғоялардан ҳимоя қилиш мақсадида диний адабиётлар ва тарғибот материаллари топширилди.

Делегация аъзолари Рига шаҳридаги ватандошлар истиқомат қилувчи “Vesta” ва “Okey” меҳмонхоналарига ҳам ташриф буюрди. Мазкур сайёр ташриф давомида 40 нафарга яқин ватандош билан суҳбат ўтказилди. улар билан Рамазон ойини муносиб ўтказиш, маънавий-ахлоқий меъёрларга риоя қилиш ҳамда меҳнат муҳожирлари дуч келаётган масалалар муҳокама қилинди.

Ватандошлар учун “Тошкент” ўзбек ресторанида ифторлик дастурхони ташкил этилди. Унда 50 нафардан ортиқ диаспора вакиллари, талабалар қатнашди.

Литванинг Вильнюс шаҳридаги Ислом маданияти ва таълими марказида ташкилот раҳбари Александрас Беганскас билан учрашув ўтказилди. Тадбир давомида мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ўзгаришлар, бу йилги Рамазон ойини давлатимиз ҳудуди ва хорижда кенг нишонлаш бўйича олиб борилаётган тадбирлар хусусида фикр юритилди.

Александрас Беганскас ходимлари билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи очилиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирларга таклиф этилди.

Вильнюс шаҳридаги “Самарқанд” ресторанида ўтказилган ифторликда эллик нафарга яқин юртдошлар ҳамда бошқа давлат фуқаролари иштирок этди. Шунданг сўнг, Вильнюсдаги Ислом маданияти ва таълим маркази қошидаги масжидда таровеҳ намози ўтказилди.

Эстониянинг Таллин шаҳридаги Ислом марказида бўлиб ўтган учрашувда ушбу давлатда истиқомат қилувчи 40 нафарга яқин ватандош қатнашди. Ҳамюртлар билан бўлган суҳбатда диний меъёрларни тўғри англаш, радикал ва бузғунчи талқинларнинг олдини олиш ҳамда мўътадил ва анъанавий ислом қадриятларини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. юртдошларга диний адабиётлар ва тарқатма материаллар тақдим этилди.

Финляндиядаги ватандошлар истиқомат қилувчи Хельсинки, Керава ва Ванта шаҳарларида ташкил этилган тадбирларда ҳамюртларнинг иш фаолияти, яшаш тарзи ва бошқа яратилган имкониятлар ҳақида мулоқот бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Хельсинки ислом маданияти маркази раҳбари Рамиль Беляев ҳамда Керава ислом маданияти маркази етакчиси Шарофиддин Муттавалиев билан учрашув ўтказилди. Улар билан ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувларга эришилди.

Хельсинкидаги мусулмонлар масжидида ташкил этилган учрашувда 50 нафардан ортиқ ватандош иштирок этди. Учрашувлар давомида уларга соф исломий анъаналар ва экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик бўйича тушунтиришлар берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш