Ўзбекистон дипломатлари Польшадаги ватандошлар билан профилактик учрашувлар ўтказмоқда
Март 09, 2026. 12:35 • 2 дақ
• 101ВАРШАВА, 9 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари турли ҳуқуқбузарликлар, интернетда нотўғри маълумотлар тарқалиши, ватандошларни ноқонуний фаолиятга жалб қилишнинг олдини олиш мақсадида чет элдаги юртдошлар билан профилактик учрашувлар ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирлар ўзбек ресторанлари, хостеллар ва Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилаётган иш жойларида бўлиб ўтди. Ҳамюртлар билан мулоқот жараёнида уларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари кўздан кечирилди, юзага келаётган муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, юртдошлар билан ноқонуний миграция, ҳужжатларни қалбакилаштириш, виза ва яшаш учун рухсатномаларни расмийлаштиришда фирибгарлик, интернетда ишлаш бўйича шубҳали таклифлар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш борасида фикр мулоҳаза алмашилди. Ватандошларга ўзлари фаолият юритаётган давлат қонунларига риоя қилиш зарурлиги эслатиб ўтилди.
Учрашувларда 200 нафарга яқин киши қамраб олинди. Шундан 135 нафар фуқаро консуллик ҳисобига қўйилди, 33 нафар фуқарога консуллик хизмати кўрсатилди, 25 нафардан ортиқ ватандошларимизга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Элчихона дипломатлари хорижда ишлаётган хотин-қизларимизни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, уларни ишга жойлаштириш ва ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Хотин-қизларга ишончли иш берувчилар ҳақида маълумот берилиб, иш топишда кўмаклашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




