Чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказида бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олинди
Март 09, 2026. 15:31 • 2 дақ
• 60
ВЛАДИВОСТОК, 9 март. /“Дунё” АА/. Россия Ички ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги Чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказида сақлаб келинаётган 24 нафар Ўзбекистон фуқаролари билан консуллик учрашуви ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Марказ раҳбарияти дипломатларимизни муассасада вақтинча ушлаб туриладиган фуқаролар учун яратиб берилган шароитлар, яъни, турар-жой, умумий овқатланиш ва маданий хордиқ чиқариш хоналари билан таништириб чиқди.
Шундан сўнг, марказда вақтинча ушлаб турилган ҳамюртларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва камчиликлари ўрганилди. Ватандошларимизнинг озиқ-овқат бўйича билдирган эътирозлар марказ раҳбариятига тегишли таклифлар билан етказилди.
Ҳамюртларимизга Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтаётган зиддиятларга аралашмаслик, чет эл давлати ҳарбий хизматига ёлланган тақдирда, улар Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида маълумот берилди.
Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқолгани сабабли қўлга олиниб, суд қарорига асосан Россиядан депортация қилиниши белгиланган фуқароларимизга, давлат божларидан озод қилинган ҳолда Бош консулхона томонидан расмийлаштирилган Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари берилди.
Учрашув сўнггида, марказ раҳбарияти билан Бош консулхона ходимлари ҳамкорлигида фуқаролар ўртасида тушунтирув-профилактик ишларини олиб бориш, уларни Ўзбекистонга ўз вақтида юбориш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси