Ўзбекистон делегацияси Хорватия Бош вазири билан музокара ўтказди

Май 21, 2026. 17:55 • 2 дақ

68
Ўзбекистон делегацияси Хорватия Бош вазири билан музокара ўтказди

ЗАГРЕБ, 21 май. /“Дунё” АА/. 17–21 май кунлари Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Камиловнинг Хорватияга амалий ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Дастур доирасида Хорватия Бош вазири Андрей Пленкович, Бош вазир ўринбосари – денгиз, транспорт ва инфратузилма вазири Олег Буткович, ташқи ва Европа ишлари вазири Гордан Грлич-Радман, туризм ва спорт вазири Тончи Главина билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон-Хорватия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш, идоралараро алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбатдошлар транспорт ва логистика, энергетика, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм, инфратузилмани ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишларда ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Шунингдек ўқинг

Ташриф доирасида Хорватиянинг етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувларда сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда икки мамлакат ишбилармон жамоалари ўртасидаги бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хорватия компанияларининг 2026 йил 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.

Ташриф якунида томонлар Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилган янги қўшма ташаббусларни илгари суришдан бирдек манфаатдор эканини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш