Ҳиндистоннинг нуфузли делегацияси Тошкентда ўтаётган тиббий технологиялар ва фармацевтика халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда
Май 21, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 58
ДЕҲЛИ, 21 май. /“Дунё” АА/. 20 май куни Тошкентда ўз ишни бошлаган “MedTech Eurasia” кўргазмасида Ҳиндистоннинг 80 дан ортиқ фармацевтика компаниялари ва тиббий технологиялар ишлаб чиқарувчилари иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур кўргазма Марказий Осиёнинг тиббий технологиялар ва фармацевтика соҳасидаги муҳим воқеа ҳисобланади.
“Tashkent Pharma Park” инновацион кластери майдончасида ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросимига Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчиси Смита Пант биргаликда раислик қилди. Бу эса икки мамлакатнинг фармацевтика тармоғидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган ўзаро қизиқиши рамзига айланди.
Ҳиндистон дипломатик миссияси раҳбари Ҳиндистон компаниялари йирик делегациясининг ушбу муҳим тадбирдаги иштироки ўзаро муносабатлар оддий савдо-сотиқдан чуқур технологик шерикликка ўтаётганининг ёрқин ифодаси бўлганини таъкидлади.
Дипломатнинг қайд этишича, “дунё дорихонаси” сифатида танилган Ҳиндистон сифатли ва ҳамёнбоп дори-дармонлар, шунингдек, замонавий тиббий буюмлар ишлаб чиқаришдаги бой тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.
Ҳиндистон бирлашган экспозициясида женериклар ва биофармацевтика, жарроҳлик асбоблари ва сарфлаш материаллари, диагностика ускуналари ва лаборатория техникаси ишлаб чиқариш соҳасидаги сўнгги ютуқлар, соғлиқни сақлаш учун рақамли ечимлар намойиш этилмоқда.
“MedTech Eurasia” кўргазмаси қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг фаол босқичи шароитида бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон дори-дармонлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда ва Ҳиндистон бизнеси мамлакатимизни Марказий Осиё ҳамда МДҲ бозорларига чиқиш «дарвозаси» сифатида кўрмоқда.
Ушбу тадбирда иштирок этиш Ҳиндистон компаниялари учун Ўзбекистондаги давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳамда индустриал фармацевтика парклари доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш имкониятларини очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




