Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Ленинград вилоятидаги корхоналар иш берувчилари ва ҳамюртлар билан учрашди
Сентябрь 07, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 29ГАТЧИНА, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Ленинград вилоятидаги “Велесстрой” ва “ERA Construction” компаниялари объектларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу хизмат сафари ватандошларни консуллик-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Компаниялар раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар чоғида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан тезкор ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ватандошлар билан учрашувларда консуллик-ҳуқуқий ёрдам олиш механизмлари ҳамда Россиянинг миграция ва меҳнат қонунчилиги қоидалари тушунтирилди.
Шунингдек, фуқароларга хориждаги ваколатхоналар билан доимий алоқани таъминлаш учун консуллик рўйхатидан ўтиш тавсия этилди. Сайёр тадбирларда жами 500 нафардан ортиқ юртдош қамраб олинди.
Ташриф якунида юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш ва ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида компаниялар билан бевосита ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



