Санкт-Петербургда меҳнат қилаётган ватандошларнинг яшаш ва иш шароитлари ўрганилди
Сентябрь 06, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 198
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари “СК-78” МЧЖга қарашли қурилиш объектида меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида фуқароларга консуллик хизматларини кўрсатиш тартиби ва миграция соҳасидаги янги қонунчилик нормалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, хорижда бўлиб турган фуқароларни вақтинчалик консуллик ҳисобига қўйиш тартиби ҳамда ушбу жараённинг ҳамюртларимиз учун амалий афзалликлари ва қулайликлари атрофлича баён этилди.
Шунингдек, хавф-хатар даражаси ортган тақдирда фуқароларга бошқа ҳудудларга вақтинча кўчиш, қайта ишга жойлашиш ёки ватанга қайтишда тегишли ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги билдирилди.
Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш муҳимлиги ҳамда оғир ижтимоий ёки молиявий аҳволга тушиб қолган фуқароларга кўрсатиладиган ёрдам турлари ҳақида ахборот берилди.
Учрашув давомида ҳамюртларимизнинг яшаш ва меҳнат шароитлари ўрганилиб, уларни қизиқтирган барча саволларга аниқ ва атрофлича жавоблар қайтарилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси