Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари Владивостокда меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашди
Сентябрь 05, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 61ВЛАДИВОСТОК, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари “Трилитон” ва “Владторг” корхоналарида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз ҳамда иш берувчилар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида фуқароларимизнинг меҳнат ва яшаш шароитлари, турар жой ва овқатланиш ҳолати, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ҳақида фикр алмашилди.
Ватандошларимизга Бош консулхона томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларига амал қилиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хориждаги меҳнат мигрантларини ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсиз меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
“Трилитон” ва “Владторг” корхоналари раҳбарлари билан кечган музокараларда ташкилотларнинг бўш иш ўринлари ва кадрларга бўлган эҳтиёжлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича фуқароларимизни талаб юқори бўлган мутахассисликларга уюшқоқлик билан ва қонуний ишга жойлаштиришни кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

