Туркияда Ўзбекистон Конституцияси кунига бағишлаб маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Декабрь 07, 2025. 10:50 • 2 дақ
• 312
ИСТАНБУЛ, 14 декабрь. /“Дунё” АА/. Истанбул университети ва Фотиҳ туманидаги “Али Амири” маданият саройларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Бош консулхона томонидан “Vatandoshlar” жамоат фонди, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси, Ёшлар умумжаҳон ассоциацияси, “Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик” жамиятлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Байрам учрашувларида Истанбулдаги ўзбек диаспораси аъзолари, талабалар ва маҳаллий аҳоли вакиллари қатнашди.
Тадбирларда сўзга чиққан Бош консулхона дипломатлари ватандошларимизни Конституция байрами билан табриклаб, ушбу сананинг ҳаётимиздаги тарихий, ҳуқуқий ва маънавий аҳамиятини англатиб, конституциямиз амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг асоси сифатида муҳимлигини таъкидлади.
Янгиланган конституциянинг 23-моддасида – Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши белгилангани таъкидланди.
Бош консул ўзбек диаспораси вакилларини маданий-маърифий ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш борасида фаол иштирок этишга, миллий ўзлигимизни сақлашга ва Туркия билан дўстона муносабатларимизни мустаҳкамлашга чақирди.
“Vatandoshlar” жамоат фонди раиси ўринбосари Болиддин Санаев Истанбулдаги ўзбек диаспораси вакилларининг Президентимиз ислоҳотларини тарғиб этишдаги ролини таъкидлаб, давлатнинг янги ташаббусларга очиқлигини ва ватандошлар бирлигининг аҳамияти юқори эканини қайд этди.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Шукуров ислоҳотларнинг аҳамияти, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш чораларига эътибор қаратди.
Ўзбекистоннинг хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомуродов Конституциянинг халқимиз ҳаётидаги маънавий аҳамияти ва миллий ўзлигимизни шакллантиришдаги ўрнини юксак баҳолаб, ёшлар тарбиясида тарих ва анъаналарни ҳурмат қилишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Ёшлар умумжаҳон ассоциацияси раиси Отабек Шавкатов ҳукуматимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор, Президентимиз томонидан қўллаб-қувватлаш сиёсати, ёшларнинг ўз она тили, маданияти ва анъаналарини сақлаш борасидаги тавсия ва эътирофлари етказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистондан ташриф буюрган ўзбек эстрадаси вакиллари Бахриддин Зухриддинов ва Дилафруз Мирзаева ўзбек ва турк миллий қўшиқлар ижроси йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Мазкур маданий учрашув Истанбулдаги диаспора вакилларини янада бирлаштириш, миллий маданиятимизни кенг тарғиб этиш ва мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни етказишда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси