Ўзбек ва француз талабалари иштирокида маданий-маърифий учрашув ўтказилди
Декабрь 17, 2025. 17:40 • 2 дақ
• 280ПАРИЖ, 18 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси томонидан Францияда таълим олаётган ўзбек талабалари иштирокида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Парижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ташаббуси билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Конституциясининг 33 йиллиги ҳамда юртимизда ижтимоий-ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Тадбирда дипломатларимиз француз талабаларини Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиёти билан яқиндан таништирди.
Дастур доирасида талабаларимиз Ўзбекистоннинг асосий конституциявий тамойиллари, мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар акс этган тақдимот намойиш қилди.
Француз талабалари Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, анъаналари, ҳунармандчилиги, анъанавий мусиқаси ва миллий таомлари билан танишиш имконига эга бўлди. Тақдимотда Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар ва Буюк ипак йўлининг йирик марказлари ҳақида видеоматериаллар тақдим этилди.
Тадбир иштирокчиларининг фикрича, бундай ташаббуслар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларда халқ дипломатиясини ривожлантириш, ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини ўрганишга қизиқишни оширишга хизмат қилади.
“Ўзбекистонлик тенгдошларим ташаббуси билан мамлакатингиз ҳақида кўплаб билимларга эга бўлдим. Ўзбек маданияти, санъати, меъморчилиги – барча-барчаси ажойиб! Қадимий ва тарихий шаҳарларингизни видеода кўриб, олдимга мақсад қўйдим: Ўзбекистонга, албатта бораман! Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистонни ўзим учун қайта кашф этдим”, – дейди Париж I Пантеон-Сорбонна университети талабаси Шаина Кадер.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

