Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар институтида бўлиб ўтган Ўзбекистон Конституцияси куни икки мамлакат ўртасидаги дўстликнинг яна бир далили бўлди
Декабрь 23, 2025. 19:43 • 2 дақ
• 573АШХОБОД, 25 декабрь. /“Дунё” AA/. Ашхободда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар институтида Ўзбекистон Конституцияси кунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда олимлар, дипломатлар, ўқитувчилар, талабалар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Институт ректори Гулшат Юсупова тадбирда нутқ сўзлаб, ўзбек халқини байрам билан табриклади ва Ўзбекистон Асосий қонунининг янги таҳриридги нормалари юксак масъулият билан муваффақиятли амалга оширилаётгани, бу эса мамлакат келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратаётганини таъкидлади.
Ректор сўнгги вақтларда олий даражадаги ташрифлар, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг жорий йил ноябрь ойида Тошкентга амалга оширган расмий ташрифи ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ашхободдаги Халқаро тинчлик ва ишонч форумидаги иштирокини ёдга олди. У талабаларни ҳамкор мамлакатларнинг конституциявий ривожланишини ўрганишга чақирди ҳамда институтнинг Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан таълим дипломатияси ва ёшлар алмашинуви доирасидаги фаол ҳамкорлигини қайд этди.
Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов “Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири – чуқур ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси” мавзусида маъруза қилди. У туркманистонлик ҳамкасбларини “Тинчлик ва ишонч: барқарор келажак йўлида мақсадлар бирлиги” халқаро форумининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади ҳамда Ашхобод декларациясининг халқаро майдонда тинчлик ва ўзаро ишонч ғояларини илгари суришдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Иштирокчилар тадбирни юқори баҳолаб, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувнинг яна бир тасдиғи бўлганини қайд этди ҳамда келгусида академик ва профессионал ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



